Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Таълим сифати ва таълим иштирокчиларига яратилган шарт-шароитлар онлайн тарзда муҳокама этилди

Бугун тор доирада онлайн тарзда вилоят таълим муассасаларининг бугунги кўрсаткичлари, таълим иштирокчиларига яратилган шарт-шароитлар ва жорий йилда амалга оширилиши белгиланган вазифаларнинг ижроси муҳокама этилди.

Онлайн тарзда ўтказилган муҳокамада вилоят ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган тезкор мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ҳамда Пайариқ ва Иштихон тумани халқ таълими бўлими мудирларининг ҳисоботлари тингланди.

Рейтинг кўрсаткичлари бўйича вилоятимизда Ургут, Пайариқ, Нуробод, Булунғур ва Паст Дарғом тумани таълим муассасалари паст натижа кўрсатаётганлиги мутасаддиларга кўрсатиб ўтилди. Педагогларнинг касбий компетентлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар бугунги кун талабига жавоб бермаслиги, айниқса, олий ва биринчи тоифали ўқитувчиларнинг салмоғи Самарқанд салоҳиятига мутлақо мос келмаслиги таъкидланди.

Муҳокама давомида жорий йилда вилоятда 2 та янги мактаб қурилиши, 21 та мактабларда реконструкция ҳамда 9 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланганлиги маълум қилинди.

Йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш, вилоятда таълим сифатини ошириш, устоз-мураббийларга ўз устида мустақил ишлашлари учун ҳамда ўқувчи-ёшларга эса сифатли таълим-тарбия олишлари учун зарурий шарт-шароитлар яратиш юзасидан зарурий вазифалар белгиланди. Вазифалар ижроси вилоят ҳокимлиги томонидан назоратга олинди.