Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Таълим тизимини мураккаблаштириш эмас, соддалаштириш керак

Дунё минбарида илмий тараққиётнинг мисли кўрилмаган асоратлари инсоният олдида турган катта хавфлардан бири сифатида тилга олинмоқда. Бу асорат эпкини маълум даражада таълим йўналишига ҳам дахлдор кўринади. Айниқса, умумий ўрта таълим тизимида инсон ва у яшаб турган борлиқ ҳақида гўзал тасаввурларни шакллантириш расмий маълумотлар соясида қолиб кетади.

Таълим тизими ҳажм ва мазмун жиҳатидан шунчалик катталашиб, мураккаблашиб бормоқдаки, эндиликда болаларнинг табиий имкониятлари сатҳидан бутунлай чиқиб кетмоқда. Ачинарлиси, ўта мураккаб ва иқтисодий самарасиз билимларни эгаллаш ёшларнинг жисмоний, маънавий-ахлоқий юксалишлари учун зарур бўлган вақт захирасини ўғирламоқда. Табиатнинг олтин қоидасига зил кета бошлади, болаликнинг ғоят оғир юк остида қолиб кетиш хавфи кучаймоқда. Чексиз илмлар хазинаси ва жажжи вужудлар ўртасидаги тенгсизлик, адолатсизлик кун сайин авжига чиқаётир.

Ғоят мураккаб тушунчалар билан керагидан ортиқ тўйинтирилган, болаларга бир қадар бегона дарсликлар, 400-500 саҳифали кўплаб машқ ва масалалар, тест тўпламлари билан “қуролланган” устозларга болалар жиддий қаршилик кўрсатолмаяпти. Бунинг оқибатида болалик дунёси ҳимояга муҳтож бўлиб қолмоқда.

Менимча, таълим-тарбия, соғлом ва хушхулқ, билимли инсонни шакллантириш, уларнинг қайсигадир етакчилик мақомини бериш тўғри иш эмас. Айниқса, болани ҳаракатли фаолиятдан узоқлаштириш ярамайди. Ҳатто, жонзотлар ҳам бу неъматнинг қадрига етади - мушук болаларини ўйнатишга каттагина вақт сарфлайди, сигир шаталоқ отаётган бузоқчасига хавотирли, аммо хайрихоҳ назар ташлайди.

Бугун амалда бўлган таълим тизимимиз болаларнинг энг севимли машғулоти – ҳаракатли ўйинлар учун вақт ажратиш имкониятини чеклаб қўйган. Ўйин – илоҳий неъмат. Унда жисмоний, маънавий, ақлий ривожланиш учун зарур бўлган тушунчалар бор.

Тўғри, таълимни фақат ўйин билан ташкил этиб бўлмайди. Лекин улуғ педагоглар болалар томонидан туриб иш юритишни, уларни жисмоний авайлаш, иқтисодий самарасиз билимлар босқинидан асраш зарурлигини маъқул кўрган.

Ўта мураккаб муаммолар устида ишлашнинг катта қисмини алоҳида истеъдод соҳиблари ва соҳа мутахассисларига қолдирган мақсадга мувофиқ. Болалар учун мўлжалланган оммавий таълим обдон “қайнаб”, жуда яхши “пишган” бўлиши керак. Аслида, мураккабликнинг юзага келиши фан-техника тараққиёти, кашфиётлар кўламининг ошиб бориши белгиланади.

Шўролар даврида таълим мазмуни ва ҳажми ўқувчиларда эмас, кўпроқ дастур ва дарсликларда ўз ифодасини топади. Натижада ғоят қизиқарли ўқув предметлари болаларни ортиқча толиқтирувчи воситаларга айланди. Бу борада тест асосидаги танловлар ҳиссаси ҳам сезиларли даражада катта бўлиб, умумтаълимни эҳтиёждан узоқ мураккаблик томон жадал элтувчи бутун бир тизим шаклланди.

Аслида таълим мазмуни тақлид, тасаввур, таҳлил, тадқиқ тушунчаларига мос равишда содир бўлади. Бу кетма-кетликнинг бирисиз бошқаси шаклланмайди. Мактабгача тарбия ва ўрта таълимда тақлид ва тасаввур юзага келса, олий таълимда таҳлил ва тадқиқ асосий мавқега эга бўлади.

Комил инсон тамойилларининг пойдевори асосан мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим босқичларида барпо этилади. Буларнинг барчаси ўқиш осон бўлган жойда бўй кўрсатади. Кенг кўламли бундай вазифани амалга ошириш ўқув режалари, дастур ва дарсликларни такомиллаштириш билангина чекланмайди, дарснинг ранг-баранг, самарали шаклларидан муваффақиятли фойдаланишимизга тўғри келади. Чунки муҳимни номуҳимдан, зарурни нозарурдан фарқлай олиш жуда муҳим. Меҳнат тақсимотининг бугунги кўриниши мураккабликни эмас, содда, ихчам, тушунарли ва завқли таълим беришни тақозо қилади.

Илаш АБДИЕВ,
фахрий ўқитувчи.