Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ТДИУ Самарқанд филиалида янги ўқув йили кредит-модул тизимида жорий этилади

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали 2020-2021 ўқув йили учун Германия, Латвия ҳамда Россия олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма таълим дастурлари асосида талабаларни қабул қилади. Бу ҳақда бугун, 2 июль куни вилоят матбуот уйида бўлиб ўтган онлайн брифингда филиал директори Олим Муртазаев хабар берди.

Бакалавриат таълим босқичида белгиланган қабул квоталарида ўқиш тўлов-контракт асосида 2+2 қўшма дастури бўйича Вайнштефан-Триздорф университети (Германия, ўқиш 2 йил ўзбек тилида, 2 йил немис тилида) билан ҳамкорликда иқтисодиёт: озиқ-овқат тизимларини бошқариш, Латвия амалий билимлар ва технологиялар университети (Латвия, ўқиш 1 йил ўзбек тилида, 3 йил инглиз тилида) билан ҳамкорликда рақамли бошқарув ва барқарор ривожланиш ҳамда Санкт-Петербург давлат телекоммунакациялар университети (Россия, ўқиш 4 йил рус тилида) билан ҳамкорликда рақамли иқтисодиёт таълим йўналишларига талабалар қабул қилиш режалаштирилган.

Филиалда янги ўқув йили кредит-модул тизимида жорий этилади. Ўтган йили филиалга 225 нафар абитуриент қабул қилинган бўлса, янги ўқув йилида 300 нафар кундузги ва 100 нафар сиртқи бўлимга талабалар қабул қилинади. Шунингдек, бу йил олий таълим муассасасида банк иши ва аудит, солиқ ва солиққа тортиш, статистика (тармоқлар ва соҳалар бўйича) таълим йўналишлари очилди.

Брифингда филиал директорига талабалар ва абитуриентлар онлайн тарзда саволлар берди. Саволларнинг асосий қисми бу йилги қабул жараёнлари ва кириш имтиҳонлари ҳақида бўлди. Унда ногиронлиги бўлган шахслар учун филиалда давлат гранти асосида 6 та кундузги ва 2 та сиртқи таълимга квоталар ажратилгани маълум қилинди. Онлайн брифингда талабалар томонидан берилган барча саволларга жавоб берилди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, вилоятдаги бошқа олий таълим муассасаларидан фарқли ўлароқ филиал рақамли иқтисодиёт таълим йўналиши бўйича мутахассис тайёрлайдиган ягона олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.