Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Террорчиликда болалардан худкуш сифатида фойдаланиш оммалашмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, сўнгги йилларда болаларни жангари гуруҳларга ёллаш кўрсаткичлари 50 фоизга ошган, деб ёзмоқда Human.uz. Ўрта Шарқ, Афғонистон, Покистон, Эрон ва Саудия Арабистони оралиғидаги уруш майдонларида, Яман, Ироқ ва Сурияда минглаб болалардан жангари сифатида фойдаланилмоқда. Хусусан, Ал-Жазира телеканалига кўра, Ямандаги Ҳутийлар сафида жанг қилаётган ҳарбийларнинг учдан бир қисми 18 ёшга тўлмаган болалардир.

Кечагина - 12 июль куни Афғонистоннинг шимолий ҳудудида нишонланаётган тўй маросимидаги мудҳиш оммавий қотиллик ҳам бола қўли ёрдамида амалга оширилди. Маълум бўлишича, ёш бола шодиёналар ўтаётган хонадонга портловчи модда билан кириб, ўзини портлатиб юборган. Натижада, 12 киши ҳаётдан кўз юмган, бир қанча инсонлар жароҳатланган.

Нангарҳар вилоятида содир бўлган қўпорувчилик учун масъулиятни "Хуросон Ислом давлати" номи билан танилган жангарилар тўдаси зиммасига олган. Жангарилар ҳукуматда муҳим таъсирга эга полиция командири - Малик Нурни нишонга олишгани айтилмоқда. Қўпорувчилик натижасида ўлганлар орасида унинг икки нафар ўғиллари ҳам бор.

Ҳужумнинг Толибон жангарилари ҳамда Афғон ҳукумати вакиллари ўртасида аҳолини ҳарбий низолардан ҳимоя қилишга оид тинчлик музокараларидан икки кун ўтиб амалга оширилиши икки томонлама келишувларга жиддий таъсир ўтказиши мумкин.

Сўнгги йилларда жаҳонда болалар иштирокида террорчилик ҳужумларини амалга ошириш оммалашмоқда. Хусусан, жорий йилнинг бошида Нигериянинг Борно вилоятида содир этилган учта қўпорувчилик ҳаракати болалар ёрдамида амалга оширилган. 2018 йилда эса Индонезиянинг Сурабая вилоятида 9 ва 12 ёшли қизлар орқали маҳаллий черковларга ҳужумлар уюштирилган.