Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тожик-қирғиз чегарасида можаро юз берди, икки тожикистонлик яраланди

Бугун қирғиз-тожик чегарасида можаро юз берди. Бу ҳақда Sputnik Қирғизистон мамлакат давлат чегара хизматига асосан хабар қилди.

Чегарачилар маълумотларига кўра, Қирғизистон ва Тожикистон чегара олди туманларида истиқомат қилувчи аҳоли ўртасида Баткен вилоятининг Чек участка жойи 50 сотих ердан фойдаланиш масаласида можаро келиб чиқди.

“Бу участка рўйхатдан ўтказилмаган, бироқ аслида қирғиз томондан фойдаланилган. Қирғизистон ва Тожикистон ҳар иккила томондан 30-40 фуқаро бир-бирига тош отишни бошлаган. Ҳодиса вақтида ов қуролидан ўқ узиш овози эшитилган. Можаро авж олишининг олдини олиш учун Қирғизистон ва Тожикистон чегарачилари бир неча марта ҳавога қарата огоҳлантирув ўқларини отдилар”, дейилган хабарда.

Тожикистондаги манбанинг маълум қилишича, қирғиз томондан ов милтиғидан ўқ отилган.

Тожикистон Исфара шаҳри матбуот котиби Иқбол Тешаевнинг сўзларига кўра, икки тожикистонлик яраланган.

Шундан сўнг бир мунча вақтга вазият тинчланди. Икки республиканинг чегарадош ҳудудлари аҳолиси билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Бироқ Тожикистон МХҚ ЧҚ чегарачилари кутилмаганда қирғиз чегарачилари ва фуқароларига қарата минамётдан ўқ уздилар.

Қирғизистон чегара хизмати маълумотига кўра, уч чегара хизматчиси турли даражада яраланди. Уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ҳозирги вақтда икки томон МХХ, чегара, ИИВ вакиллари вазиятни барқарорлаштириш мақсадида учрашув ўтказмоқда.