Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тожикистон Республикаси Суғд вилоятининг “Ўзбеклар жамияти” раиси Фарҳод Жўраев: "Тараққиёт - дўстлик ва аҳилликда"

Аввал хабар берганимиздек, “Марказий Осиё - бизнинг умумий уйимиз” халқаро анжуман иштирокчилари Самарқанд шаҳрида бўлди. Биз анжуманда иштирок этган Тожикистон Республикаси Суғд вилоятининг “Ўзбеклар жамияти” раиси Фарҳод Жўраевнинг миллатлараро дўстлик ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.

- Давлатларимиз чегараларининг очилиши халқларимиз бирдамлигини янада оширишга хизмат қилмоқда, - деди Ф.Жўраев. - Айнан анжуман доирасида ҳам бу алоҳида тилга олинди. Чегаралар очилганидан кейин алоқаларимиз нафақат маданий-маърифий ва ижтимоий, балки иқтисодий соҳада ҳам ривожланмоқда. Натижада ҳар иккала давлатнинг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқлари тараққий этмоқда. Зеро, Тараққиёт - дўстлик ва аҳилликда.

Шунингдек, Самарқанд давлат университетида тожик филологияси факультети, ҳудудларда тожик тилида дарс берадиган мактаблар мавжуд. Бу эса халқларимиз Ўзбекистондаги Тожик миллий маданий маркази ва Тожикистондаги Ўзбек миллий маданий марказини бирлаштирди. Ундан ташқари, шу йил Самарқандда “Чегара билмас дўстлик” деб номланган фестивалнинг ўтказилиши ҳам халқларимизни янада бирдамликка чорлади. Энг муҳими, узоқ вақт кўришмаган қариндошлар бугун бир-бирларини кўргани келиб кетмоқда. Бу каби тадбирлар ҳали икки давлат ўртасида кўп бора ўтказилади. Жумладан, яқинда юртимизда бир қатор маданий тадбирлар ўтказишни режалаштирганмиз.