Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Тошкент-Хоргос” ва “Тошкент-Петропавловск” йўналишларида мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилади

Хорижий давлатларга чиқаётган фуқароларга ва юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларга қўшимча қулайликлар яратиш, уларни манзилларига ўз вақтида ҳамда хавфсиз етказиб қўйишни ташкил этиш мақсадида Транспорт вазирлиги томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда, дейилади вазирликнинг ахборот хизмати хабарида.

Ҳусусан, жорий йилнинг 25 сентябридан эътиборан қўшни Қозоғистон Республикасининг Хоргос ва Петропавловск шаҳарларига мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилади. Мазкур йўналишларда “Uzautotrans Service” корхонаси замонавий “Yutong” автобусларида хизмат кўрсатади.

“Тошкент-Хоргос” йўналишининг умумий масофаси 1235 километрни ташкил этади. Қатновлар ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари амалга оширилади. Автобуслар “Тошкент” автовокзалидан соат 10:00 да йўлга чиқади. Чипта нархи - 200 000 сўм.

“Тошкент-Петропавловск” йўналишида эса қатновлар кун ора амалга оширилади. Автобус “Тошкент” автовокзалидан соат 19:00 да жўнаб кетади. Мазкур қатновнинг йўналиш масофаси 2150 километр бўлиб, чипта нархи - 337 000 сўм.

Шунингдек, “Uzautotrans Service” корхонаси 24 сентябрдан эътиборан “Тошкент-Қозон”, “Тошкент-Нур-Султон” ва “Тошкент-Хўжанд” йўналишларида ҳам мунтазам қатновларни амалга оширишни бошлайди.

“Тошкент-Қозон” йўналиши бўйича қатновлар ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари амалга оширилади. Автобус соат 11:00 да “Тошкент” автовокзалидан жўнаб кетади. “Тошкент-Қозон” халқаро автобус йўналишининг масофаси 2651 километр бўлиб, йўлкира ҳақи - 500 000 сўмни ташкил этади. Сафар давомида автобуслар Ўзбекистоннинг “Ғишт кўприк”, Қозоғистон Республикасининг “Жибек Жўли” ва “Жайсан” ҳамда Россия Федерациясининг “Сагарчин” чегара божхона постларидан ўтади.

“Тошкент-Нур-Султон” йўналишида қатновлар кун ора амалга оширилади. 1646 километрга тенг мазкур масофани автобуслар 27 соат 30 дақиқада босиб ўтади. Ушбу йўналишда чипта нархи - 220 000 сўм.

“Тошкент-Хўжанд” йўналишида қатновлар ҳар куни амалга оширилади. Автобуслар “Тошкент” ва “Хўжанд” автовокзаллари ўртасидаги Нурафшон, Бўка шаҳарлари орқали ҳаракатланиб, “Ойбек” ва “Фотеҳобод” назорат ўтказиш пунктларидан ўтади. Ушбу йўналиш масофаси 174 километрга тенг бўлиб, чипта нархи - 50 000.

Айни дамда юқоридаги барча йўналишлар бўйича чипталар сотуви бошланган. Чипталарни “Тошкент” автовокзали кассаларидан харид қилиш мумкин.