Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тўй – қадрият

Дабдаба ва ҳашамни кўрсатиб қўйиш воситаси эмас!

“Бизни кемиргувчи иллатлар” деган одатларимиз, шу тўй ва таъзия исминдаги девоналигимиздан иборатдур. Бир дўкончи, бир гулкор, бир фақирҳол, бир косиб учун бу тўй ва таъзиялар ўлумдан қаттиғдурки, мунинг учун бечора ҳар кун ўлур. Ҳар кун ўлғон ила-да қутулмас. Ўзидан сўнгра аҳлу аёлиға бу йўқсуллик ва бу мусибатни мерос қўяр...».

Ушбу сатрлар маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан “Ойна” журналида (1915 йил, 13-сон, 338—342-бетлар) эълон қилинган.

Орадан бир асрдан ортиқ вақт ўтиб ана шу мулоҳазаларни ўқир эканмиз, тўй-маросимлардаги дабдабабозлик, исрофгарчилик, манманлик каби иллатлардан халос бўлиш халқимиз учун ҳам, жамиятимиз учун ҳам ҳали ҳануз долзарб бўлиб турганини янада теранроқ англаб етамиз.

Тўй – халқимиз учун қадрият даражасига кўтарилган маросим. Унда одамлар ўртасидаги меҳр-оқибат, саховат, бағрикенглик, меҳмондўстлик мужассам.

Афсуски, кейинги пайтда ушбу маросим азалий қадриятларимиздан анча узоқлашиб, фақат дабдаба ва ҳашамни кўз-кўз қилиш воситасига айланиб бормоқда.

Тўйларимизда бир пайтлардаги ажойиб одатлар – тўй эгасининг яхши фазилатларини, эзгу амалларини, маҳаллага, одамларга ибратини айтиш ёшларга ўзига хос сабоқ бўлган, тўйга келганлар нимадир янги гап эшитган, эзгу ишларни ўрганган. Меҳмонлар сўзга чиқувчиларнинг гапига қараб, шу оилага ҳавас билан қараган. Эл-юрт ишига аралашмайдиган, намуна кўрсата олмаган оилалар ҳақида эса оқсоқоллар яхши фикр билдирса-да, кинояли жумлалар билан уларни қайсидир маънода изза ҳам қилган. Бу ҳам ўзига хос тарбия усули бўлган.

Бугун тўйларда бундай ўзига хос маърифий суҳбатлар, ибратлар унут бўлмоқда. Аксинча, турли хил янгидан-янги, бачкана одатлар пайдо бўлмоқдаки, бунга кенг жамоатчилик эътиборсиз қарамоқда.

Дейлик, кейинги пайтда тўй боланинг, келин-куёвнинг, санъаткорларнинг устидан пул сочиш, баъзиларида ҳатто пойандоздай тўшаш ҳолатлари учрамоқда. Келин-куёв тўйларида эса турнақатор турли туман маркадаги автомобиллар кортежини гапирмаса ҳам бўлади. Бу баъзи фуқароларимизнинг савияси минг машаққат билан ишлаб топган пулни шу тариқа сочишга етаяптими, деб афсусланасан киши.

Пул бу шунчаки моддий муомала воситасигина эмас, балки давлатимизнинг иқтисодий рамзи ҳамдир. Пул сочиш ёки пойандоз қилиш иқтисодий саводсизлик, ўзимизга нисбатан ҳурматсизликнинг бир кўриниши, деб ўйлайман. Ҳар биримизда миллий ғурур, ўзлигимизга, остонамизга, Ватанга, тилимизга, давлатимиз рамзларига ҳурмат бўлмас экан, жамият тараққиётида юксакликка эришиш қийин кечади.

Ёки тўйларда айрим ёшларнинг ўзига ярашмаган тарзда қилиқлар қилиб (буни рақс деб айтиш ноўрин), меҳмонлар эътиборини тортишга уриниши, турли хил шоу ва томошаларнинг уюштирилиши ҳам тўйларимизнинг маънавий қадр-қимматига путур етказмоқда.

Буларнинг барчасига кейинги пайтда тўйларда турли хил одатларнинг пайдо бўлишига бефарқ қарашимиз, янги урф чиқибди, деб унга кўр-кўрона эргашишимиз сабаб бўлмаяптими? Нега, кўпни кўрган оқсоқолларимиз, эл ичида ҳурмат-эътиборга эга нуронийларимиз, ота-оналар бунга бефарқ қараяпти? Ахир ёшларни тўғри йўлга бошлаш, уларга халқимизга хос анъана ва қадриятларни ўргатиш, аввало биз катталарнинг вазифамиз эмасми?

Бундай ҳолатга барҳам бериш учун давлат идораларининг муносабати, ҳуқуқий ҳужжатини кутиш шарт эмас, назаримда. Бунга аввало, жамоатчилик ўз муносабатини билдириши, халқимизни, айниқса, ёшларни ўзлигимизга хос бўлмаган одатлардан тийилишга чақириши лозим. Бу масалада аҳолининг ижтимоий фаоллиги, юртдошларимизнинг ўз фуқаролик позициясини теран ҳис қилиши муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

Бугун хонадонларда ҳам тўй-маъракалар ўтказилаётган бўлса-да, барибир асосий маросимларимиз тўйхоналарда ўтмоқда. Бундай пайтда ҳар бир тўйчи ресторандан фойдаланиш аввалида ўзаро келишувга эришади. Шу келишув жараёнида улар бир-бирига ўз шартларини қўяди. Ана шундай пайтда тўйхона эгалари турли одатлар, мисол учун, келин-куёвнинг устидан пул сочиш, ресторанда сарполар тарқатиш, шунингдек, карнайнинг овозини ҳаддан ортиқ баланд қилмаслик каби шартларни, исрофгарчилик, шуҳратпарастлик ва дабдабабозлик каби иллатларга йўл қўймаслик масалалаларини ҳам қўйиши керак.

Очиғини айтганда, сўнгги пайтларда тўй-маъракалар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минглаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига олиб келмоқда. Аҳолининг аксарият қисми кўп сонли меҳмонлар таклиф этишини гўёки сахийлик, меҳмондўстлик белгиси, деб ҳисобламоқда. Ваҳоланки, тўй аввало оилавий тадбир, қариндош-уруғ, дўст-ёрлар билан нишонланадиган маросим. Буни ҳар бир оила ўз имконияти, иқтисодий шароитидан келиб чиқиб ташкил этиши мумкин.

Афсуски, бугун тўйлар оилалар даромадига қараб эмас, “бошқалардан қолиб кетмайлик”, “мен ундан камми” деган ақидалар билан ташкил этилмоқда. Бу эса кўплаб тўй эгаларини, ўртаҳол оилаларни тўйдан кейин бир неча йил давомида қарзга тўлашига сабаб бўлмоқда. Энг ёмони, бу айрим оилаларнинг бузилиб кетишига олиб келмоқда.

Энди тасаввур қилинг, 2-3 соатлик тадбирга йиллар давомида тўпланган маблағларни сарфлаш қанчалик тўғри? Дунёда яна қайси халқ бундай йўл тутади? Ҳеч бир миллат, халқда бундай одат йўқ. Нега буни англашимиз, одамларга етказишимиз қийин кечмоқда? Нега ихчам, камхарж тўй ўтказишни ҳеч ким ўзи бошлаб бергиси келмайди? Эл қатори-да, деб қачонгача ўзимизни алдаймиз, овутамиз. Оқилона тарзда тўй ўтказиб, тежалган маблағларни оила саломатлиги ва фаровонлиги, болалар таълим-тарбиясига сарфлаш мумкин-ку!

Исрофгарчилик, шуҳратпарастлик ва дабдабабозлик каби иллатлар сўнгги пайтларда тўй, оилавий тантана ва бошқа маросимларни ўтказишда шунчалар авж олдики, унга қатъий барҳам бериш бугун ҳаётий заруратга айланмоқда.

Тўғри, тўйлар ва маъракалардаги сарф-харажатларни қисқартириш мақсадида маҳаллий ҳокимият органлари томонидан қарорлар қабул қилинган. Аммо бу ҳозирча кутилган натижани бермаяпти. Барчамиз ўз ҳудудимизда тўй ва маъракалар, оилавий маросим ва бошқа тадбирларнинг ўтказилиши юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда фаол иштирок этишимиз зарур. Бу борада одамлар билан суҳбатлашсак, айниқса, ёшларда ушбу масалага масъулият ва дахлдорлик ҳиссини кучайтира олсак айни муддао бўлар эди.

(Самарқанд вилояти ҳокимининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан олинди)