Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Транспорт бошқармаси жамоат транспортларидаги қайтим масаласида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш идорасига мурожаат қилиш лозимлигини билдирди

Жорий йилнинг 7 декабрь куни Zarnews.uz сайтида “Ҳамон 100 сўмлик йўқ” сарлавҳали мақолада қайд этилган ҳолатларни ўрганиш мақсадида вилоят транспорт бошқармаси мутасаддилари 7-12 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида автотранспорт соҳасида фаолият олиб бораётган 18 тадбиркорлик субъектининг барчасида бўлиб, автокорхоналар раҳбарлари ҳамда ҳайдовчилари билан алоҳида суҳбат ўтказди. Йўл қўйилаётган камчиликларнинг охири қандай оқибатларга олиб келиши юзасидан қатъий огоҳлантиришлар берилди. Ҳаттоки, кўпчилик учун арзимасдек туюлган масала – йўловчи томонидан тўланган йўл ҳақи учун паттанинг берилмаслиги ҳам қонунга зидлиги айтилди. Эндиликда ҳар бир мурожаат тегишли тартибда ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда ўрганилиши маълум қилинди.

Ҳар бир автокорхона раҳбари Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги “Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарорига сўзсиз риоя қилиши лозимлиги, акс ҳолда суд органларига тегишли тартибда тақдимнома киритиш орқали лицензияси бекор қилинишидан огоҳлантирилди.

Вилоят транспорт бошқармаси мутасаддилари автокорхоналарда автобусларнинг техник ва санитар ҳолатларини ҳам ўрганди. Шу билан биргаликда ижтимоий тармоқларда танқидий муҳокамаларга сабаб бўлаётган автобуслардаги овоз кучайтирувчи қўшимча жиҳозларни олиб ташлашга ҳам жиддий эътибор қаратилди. Баъзи автобусларда кучайтирилган овоз берувчи жиҳозлар борлиги аниқланиб, транспорт воситасидан ечиб олингач, ундан фойдаланмаслик талаб қилинди.

Шу ўринда, барча йўловчилардан қайтим беришда муаммоли вазиятлар кузатилган тақдирда Монополияга қарши кураш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилишлари сўралади.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати.