Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Уч томон учун ҳам манфаатли ҳаракат 

 Пандемия даврида вақтинча ишламаётган аҳоли ва ёрдамга муҳтож оилаларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш кўламини янада кенгайтиришни инсонпарварликнинг ёрқин намунаси.

Бу хайрли ишни амалга оширишда тадбиркорларнинг фаол иштирок этаётганини O'zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши раиси ҳамда ушбу партиядан сайланган депутат сифатида қўллаб-қувватлайман. Ушбу эзгу саъй-ҳаракатнинг муборак Рамазон ойида амалга оширилишида ҳам жуда катта маъно ва мазмун мужассам. 

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига бугунги кунда партиямиз электорати бўлган самарқандлик юзлаб тадбиркор ва фермерлар қўшилди. Хусусан, Ургут туманидаги “UrGazKarpet” қўшма корхонаси раҳбари, партиямизнинг мазкур тумандаги ташкилоти раҳбари Жамшид Ҳайдаров, Паст Дарғом туманидаги “Темир қалқон” масъулияти чекланган жамияти раиси Қосим Қаршиев, Самарқанд шаҳридаги “Samarkand APPAREL” хорижий корхонаси директори Азиз Аҳрoров, “Ҳикматилло” МЧЖ бошлиғи Акмал Асадов, “Эко планета” МЧЖ раҳбари Сайёра Салимова хайрли ишга бош қўшиб, эҳтиёжманд оилаларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатмоқда.  

Бугунги кунда бошқа давлатлар сингари бизда ҳам касалликка қарши курашиш баробарида иш жойларини сақлаб қолиш ва иқтисодиёт таназзулга учрамаслиги учун бор имкониятларни ишга солинмоқда. Бу жараёнда тадбиркорларга жуда катта имтиёз ва енгилликлар берилди. Уларнинг айни пайтда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатидаги фаол иштироки ана шу эътиборга жавоб ўлароқ давлат, халқ ва ишбилармон манфаатларига хизмат қилиши шубҳасиз.  

Шерали ЙЎЛДОШЕВ,  

халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати.