Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Универсиада-2019” спорт мусобақалари саралаш босқичида самарқандлик талабаларнинг қўли баланд келди

Самарқанд давлат университетида Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари олий таълим муассасалари талаба-ёшлари терма жамоалари ўртасида “Универсиада-2019” спорт мусобақалари доирасида қўл тўпи ва волейбол беллашувларининг ҳудудий саралаш босқичи якунланди.

Дастлаб қўл тўпи бўйича ҳар иккала вилоят жамоаларидан устун келган самарқандлик йигитлар ва қизлар жамоалари саралаш ғолиблигини қўлга киритди.

 

Спортнинг волейбол туридан Самарқанд давлат университетининг жисмоний маданият факультети спортчи-ёшларидан иборат волейболчи йигитлар ва қизлар жамоаси сурхондарёлик ва қашқадарёлик рақибларига имконият қолдирмади.

Комилжон Умаров мураббийлиги остида майдонга чиққан самарқандлик волейболчи қизлар Дилфуза Сиддиқова, Маржона Нормуродова, Эъзоза Раҳимжонова, Сарвиноз Маъмирова жамоасининг ғалабасига муносиб ҳисса қўшди.

Мураббий Зайниддин Болтаев етакчилигидаги волейболчи йигитлар Муҳаммад Ҳайдаров, Шоҳзод Худайбердиев, Темур Фармонов, Муҳаммад Бахтиёровлар энди йил якунида ўз омадларини “Универсиада-2019” мусобақаларининг финалида жиддий синовдан ўтказади.

Беллашувлар якунида ғолиблар ҳамда фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.

Дилмурод ДЎСТМУРОДОВ.