Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Университет қизлари бўш вақтларини мазмунли ўтказмоқда

“Ипак йўли” туризм халқаро университети хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилоти томонидан карантин даврида талаба-қизлар билан онлайн таълим-тарбия ишларини узлуксиз олиб бормоқда. Университет талаба-қизларини бирлаштириш, уларнинг илмий ижодий фаолиятини ривожлантириб бориш мақсадида “Beauty in action”, яъни “Гўзал ва фаол қизларжон” номли телеграм иловасида гуруҳ ташкил қилинди ва барча талаба-қизлар ушбу гуруҳга қамраб олинди.

Қизларнинг ҳар бир фандан дарс машғулотларини қандай бажарганлиги ўқув бўлими томонидан доимий назорат қилинмоқда. Ўқув машғулотларидан ташқари,  уларнинг қизиқиш ва қобилияти устида иш олиб боряпмиз. Талаба қизлар гуруҳда китобхонлик, тикувчилик, тўқувчилик, ҳунармандчилик, пазандачилик, чет тилларни ўрганиш ва ижодкорлик ишларини намоён этмоқда.

Иқтидорли қизлардан Гулноза Тилявова гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти йўналишида таҳсил олади. У спортда ҳам, ўқишда ҳам доим фаол қатнашиб, юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда. У спортнинг таэквандо тури бўйича Осиё ва жаҳон чемпионатларида иштирок этиб, юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Гулнозанинг ташаббуси билан бўш вақтларида ENGLISH learn - online @ Rerfect-Of-Englbsh канал очиб, тенгдошларига масофавий инглиз тилини ўргатаяпти. Ҳозиргача унинг ушбу каналида 200 нафар обуначиси бор.

Бундан ташқари, Меҳрибон Юнусова пазандачилик, Мафтуна Нуруллаева адабиёт йўналиши, Шаҳрибону Раҳимова миллий либослар дизайни, зардузлик ва попурчилик билан, Севинчбону Исроилова эса шеъриятга ва яна бир қатор талаба-қизларимиз илмий-инновацион ғоялари бўйича ўз иқтидорларини кўрик-танловларда намоён этиб келмоқда.

Бугунги синовли даврда масофадан туриб талаба-қизларнинг дарсларидан бўш вақтларини мазмунли ўтказишга ҳаракат қиляпмиз. Уларни келажак ҳаётга, оилага тайёрлаб, ўзига хос иқтидор эгаларини кашф этяпмиз.

Муҳайё АББОСОВА,

“Ипак йўли” туризм халқаро университети хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.