Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Унутилган қадрият: Деҳқонни қўмсаб, “мунғайган” томорқа

Раҳматли қўшнимиз Болта бува урушдан кейин эллигинчи йилларда Дарғом сойнинг нариги томонидан ҳовлиси бузилишга тушганда, қариндошларини қора тортиб, бизнинг қишлоққа кўчиб келганди. Ёши олтмишдан ошган бўлишига қарамай, қўлидан кетмоқ тушмасди. Ҳовлисидаги томорқасини бамисоли жаннат дердингиз. Ёз бўйи олма, анор, анжир, шафтоли, узум, ўрик ғарқ пишиб ётарди, супаси пастида анвойи гуллар муаттар бўй таратиб турарди.

Болта бува, кампири Қамбар момо қўли очиқ, сахий кишилар эди. Бува кўчада қий-чув ўйнаётган болаларни чақириб, мева-чева билан сийларди. Кампири Қамбар момо қўни-қўшниларникига қуруқ қўл билан чиқмасди.

Буванинг ўғли Рустам билан боғ оралаб сархил мевалардан тўйиб-тўйиб еганмиз. Мактабдан келганимизда Қамбар момо сопол товоққа зоғора нон тўғраб ивитиб қўйган туршакнинг мазаси ҳануз оғзимдан кетмайди. Орадан йиллар ўтди. Болта Бува ҳам, Қамбар момо ҳам энди бу дунёда йўқ. Мен Тошкентга ўқишга кетдим, кейин армияда хизмат қилдим. Қишлоққа қайтгач, Рустамни йўқлаб кирдим. Қучоқ очиб кутиб олди. Қурилишда прораб экан. Ҳаётидан мамнунлиги юз-кўзидан сезилиб турарди. Дастурхон ёзиб чой келтирди. Томорқасига қараб хаёлга чўмдим. Яшнаб турган ота мерос боғдан уч-тўртта тарвақайлаган қаровсиз дарахт қолган, орасига ҳар хил сабзавот экиладиган ер бегона ўт босиб, қовжираб ётарди. «Эсиз томорқа…». Кўнглимдан ўтнанини сезди, шекилли Рустам ҳижолат чекиб, ўзини оқлаган бўлди:

- Келининг мактабда ишлайдим. Эрта кетиб, кеч қайтади. Ўзимда бош қашишга вақт йўқ…

Рустам билан гурунглашиб қайтар эканман, яна томорқасига кўз югуртирдим. Назаримда бир пайтлар яшнаган ҳовли Болта бувани қўмсаб, мунғайиб ётгандек туюлди.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.