Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургут тумани ҳам «қизил» тоифага киритилиши мумкин

Самарқанд вилоятининг иқтисодий қудратли туманларидан ҳисобланган ва аҳолиси нафақат Ўзбекистонда, балки дунё аҳлига ҳам тадбиркорлиги билан танилган Ургут тумани ҳам «қизил» тоифага киритилиши мумкин.

Олдинроқ Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманига, шунингдек, Паст Дарғом тумани маркази Жума шаҳрига кириш ва чиқиш чекланганди. Аҳоли орасида коронавирус юқтирганлар сони кўпайганлиги сабабли вилоятда карантин чекловлари кучайтирилган.

Бугунги кунда Самарқанд шаҳри, Тойлоқ, Оқдарё, Пайариқ, Паст Дарғом ва эндиликда Ургут туманларида назорат кучайган. Кўчалар, карантиндаги уйлар атрофи доимий дезинфекция қилинмоқда. Карантинга олинган уйларнинг олдида 24 соатлик навбатчилик ташкил этилган. Самарқанд шаҳрида 25 та мобил рейд гуруҳлари ишламоқда.

Имом Бухорий зиёротгоҳи ва мажмуаси жойлашган Пайариқ туманида ҳам айни пайтда қаттиқ назорат ўрнатилган. Туманнинг Неъмат Азимов хўжалиги тўлиқ каратинга олинган. Кириш-чиқиш катъий чекланган.

Вилоятда стикер ва махсус рухсатномаси бор машиналар ҳаракати давом этмоқда. Шундай бўлса-да, ҳар бир машина назорат қилиниб, «қизил» тоифадаги ҳудудларда улар дезинфекция қилинмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Самарқанд вилоятида 338 кишида коронавирус аниқланган. Уларнинг 247 нафари тузалган ва бир киши вирус сабаб вафот этган.

Айни пайтда Самарқанд, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳри аҳоли орасида коронавирус инфекцияси аниқланаётган ҳудудлар ҳисобланади.