Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургутликларнинг мурожаатлари ижроси назоратга олинди

Вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Шодиёр Аҳмедовнинг Ургут тумани Боғишамол МФЙда ўтказган сайёр қабулида фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, уларга амалий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилди.

Фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар асосан солиқ ва кадастр базасини мувофиқлаштириш, банк кредити, уй-жой, суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш масалаларига оид бўлди.

– Навоий шоҳ кўчасида маиший хизмат уйи қурганмиз, – дейди Наврўз маҳалласида истиқомат қилувчи тадбиркор Бобур Норқулов. – Бинони фойдаланишга топшириш учун банкдан имтиёзли кредит олиш масаласида мурожаат қилдим. Сектор раҳбари мурожаатимнинг ижобий ечим топишида вилоят Марказий банки орқали ёрдам беришини айтди.

– Маҳалламиз аҳолисининг 120 та суюлтирилган газ баллонларига эҳтиёжи борлиги бўйича ариза топширганимизга анча вақт бўлди, – дейди Боғишамол МФЙ раиси Сайфулло Маҳкамов. - Шодиёр Аҳмедов  вилоят газ корхонаси раҳбари билан шу жойнинг ўзида телефон орқали боғланиб муаммомизни етказди. Ўйлайманки, ушбу масала тез кунларда ўз ечимини топади.

Сайёр қабулда ечими маълум вақт талаб этиладиган мурожаатлар бўйича тегишли ташкилотларга кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди.

Шунингдек, тадбирда 2 нафар ногиронлиги бўлган фуқароларга ногиронлик аравачаси топширилди.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.