Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Уйда нега “аптечка” йўқ?

Яқинда йўлда кетаётиб, дарвоза олдида “тез ёрдам” кутиб ўзларича ким-нималарни муҳокама қилаётганларни кўриб тўхтадим. Ёш боланинг аҳволи ёмон бўлиб қолибди, дўхтирлигимни айтиб, уйга кирдим.

...Хонада деярли ҳаво йўқ, ҳамма шу ерда. Бечора гўдак шайтонлаб туриб, бехосдан тинчиб қолган. Обморк! Ҳамма ўзини духтир санайди: биров бола юзига сув пуркайди, биров оёқ-қўлини уқалайди, яна бирови танглайига пиёз пўстини босмоқчи бўлади. Шифокорлигим тутиб, додлаб юбордим:

- Тўхтанглар, ҳой инсонлар, нима қиляпсизлар?! Ахир бу тиббиётдаги кўрсаводлик-ку! Ҳамма чиқсин, хона ҳавосини тозалаш керак!

Кейин уй эгасидан сўрадим:

- Термометр борми?

- Менда термометр йўқ, бешта болани ўшасиз катта қилдим-ку...

- Катта хатоингиз ҳам шу-да, опа.

- Бинт борми, марли борми?

- Йўқ эди...

- Хўп, аптечка борми ҳеч бўлмаганда? Унда оғриқни қолдирадиган, иситмани тушурадиган дорилар, бинт, термометр бўлади.

Тўғри топдингиз, бу хонадонда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун ҳеч нарса йўқ, ҳатто улар бу ҳақда тасаввурга ҳам эга эмас. Агар йиғиниб олинса, жуда қиммат ҳам турмайди. Ҳозир пули йўқ одамларга буни таъна қилмоқчи эмасман, аммо беш нафар бола улғайган хонадонда бу ишни аллақачон қилса бўларди. Биз эса пандемия шароитида ўзимизни кўчада эҳтиёт қилиш ҳақида гапириб юрибмиз.

Тўғриси, болага ёрдам кўрсатилди, уйга аптечка ҳам келтирилди, гигиена бўйича озгина тушунча беришга тўғри келди. Бироқ ҳамма ўзи англаб етмаса, қанча одамга бу хил ёрдам бериш мумкин...

Муродим УМРЗОҚОВ.