Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Валдай” халқаро мунозара клубининг Х Осиё конференцияси қатнашчилари Самарқандни зиёрат қилди

Аввал хабар берганимиздек, “Валдай” халқаро мунозара клубининг Х Осиё конференцияси жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда ўтказилади.

“Марказий Осиё ва Евроосиё: глобал тартибсизликларнинг олдини олиш бўйича кенг қамровли ҳамкорлик” мавзусидаги бу йилги конференцияда иштирок этиш учун Самарқандга ўндан ортиқ хорижий мамлакатдан экспертлар, сиёсатшуносларнинг келиши давом этмоқда.
Вақтдан самарали фойдаланиш мақсадида айни пайтда Самарқандда бўлиб турган меҳмонлар учун шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари, тарихий-маданий обидалар бўйлаб саёҳат ташкил этилди.
Конференция қатнашчилари Амир Темур мақбараси, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси, Бибихоним масжиди ва дунёга машҳур «Сиёб деҳқон бозори»да бўлдилар. Аждодларимиздан мерос тарихий обидалар ва уларнинг яратилиш тарихи, бир неча асрлар ўтса-да, безавол асраб-авайлаб келинаётгани меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Шарқ бозорининг барча хусусиятларини ўзида мужассам этган Сиёб бозоридаги тўкин-сочинлик, серқуёш заминимизда етиштирилган сархил ноз-неъматлар ва ўзига хос савдо маданияти дунёнинг турли минтақаларидан келган сиёсатчи ва экспертларга манзур бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда ташкил этилаётган конференция эртага – 10 ноябрь куни Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида ўз ишини бошлайди.
Анжуман кун тартибига қўйилган масалалар орасида халқаро хавфсизлик ва макроминтақавий барқарорликни ривожлантириш мавзулари муҳим ўрин тутади. Минтақавий ҳамкорликни биргаликда ривожлантириш, глобал барқарорлик даражасини ошириш йўлларини қидиришга бағишланган шўъба мажлислари ташкил қилинади.