Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вақти келди: Сенат тўйлар ҳақида ҳужжат қабул қилиши керак

Мақсуда Ворисова, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

- Одам яралибдики, орзу-ҳавас билан яшайди. Ўзида йўқ нарсаларга эга бўлишни, атрофдагиларда ҳавас уйғотишни истайди. Орзу-хаёлларидан чўпчак тўқийди ва чўпчакка аввало ўзи ишонади. Аксарият эртакларимиз “қирқ кечаю қирқ кундуз тўй бериб, мурод-мақсадларига етибди”, деган жумла билан якунланади. Ҳаётимиз фаровонлашиб боргани сайин орзуларнинг кўлами ҳам кенгайиб, ўзимиз орзунинг қулига айланиб қолаяпмиз...

ХХ аср бошларида яшаган маърифатпарвар Абдулла Авлоний: “Бизни илмсизлик, тарбиясизлик, тўй деб мингларча ақчаларни беҳуда исроф этмаклик оғир аҳволга солди. Ағниё ва сарватдорларимиз тўй пойгаси қилиб, фақир ва камбағалларимиз бор-йўқлариға қарамасдан уйларини, боғларини, тўнларини сотиб тўйга сарф қилмакдадурлар. Тўй деган ерда муқаддас Ватанини сотишдан тоймайдиган, истиқболини ўйламаган ва болаларининг саодатини тушунмаган бир қавмдан қандай тараққий, маданият ва маърифат кутмак керак?”, дея надомат билан ёзган, бу иллатлардан қутулмоқ йўлларини излаган эди...