Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вилоят ҳокими Э.Турдимов: “Август кенгаши шиорида айтилганидек, ўзгаришни ўзимиздан бошлашимиз керак”

Аввал хабар берганимиздек, халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган педагог ходимларнинг анъанавий август кенгаши ўтказилди. Кенгаш “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган бош ғоя асосида “Таълимда ислоҳот: ўзгаришни ўзимиздан бошлайлик!” шиори остида ташкил этилди.

Тадбирда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этиб, йиғилганларни яқинлашиб келаётган Ватанимиз Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги ҳамда билимлар куни билан қутлаб, вилоятда халқ таълими тизимида олиб борилаётган ишлар, эришилаётган ютуқлар, шунингдек, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари хусусида сўз юритди. Мактабларни янги ўқув йили, куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

- Жорий йилнинг 1 ноябригача куз-қиш мавсумига тайёр бўлмаган биронта мактаб қолмаслиги керак, - деди вилоят ҳокими. – Махсус ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилганда кўпгина таълим муассасаларида кўзбўямачиликлар кўзга ташланиб қолди. Ҳар бир мактаб директори ўз ишига масъулият билан ёндашиши лозим. Кўпгина мактаблар янги қурилган. Масалан, Ургут туманида 44-мактаб биноси янги бунёд этилган, иситиш қозонхоналари эса газ ёқилғисига мўлжалланган. Бу мактаблар ҳудудига эса газ етиб бормайди. Мактаб директорлари эса янги қурилган бинони фойдаланишга топшириш бўйича тузилган далолатномасига имзо қўйиб, қабул қилиб олган. Қозонхона кўмирга мўлжалланиши керак эди-ку, дея эътироз билдирмаган.

Вилоят ҳокими ободонлаштириш ишлари ҳам рисоладагидек эмаслигини танқид остига олди. 

- Кўпгина мактабларда хўжалик ишларини бажарадиган ишчи-ходимлар ўша мактаб директорининг қариндошлари, - деди ҳоким. – Уларнинг аксарияти ишга келмайди. Айниқса, шу кунларда, ёзги таътил пайтларида уларнинг эшикларига қулф осилган. Маҳалла аҳолиси, ёшлар бу спорт залларидан фойдалана олмайди. Мактабнинг кўриниши, унинг муҳити боланинг онгига таъсир кўрсатади, салбий бўлса салбий, ижобий бўлса ижобий. Шунинг учун ўзгаришни ўзимиздан бошлашимиз керак.

Тадбирда бир гуруҳ таълим фидойиларига вилоят ҳокими фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширди.

Август кенгаши иштирокчилари таълим муассасаларида амалга оширилган ишлар, умумтаълим мактаблари ва "Баркамол авлод" болалар марказларида таълим-тарбия олаётган ўқувчилар томонидан яратилган асарлар, робототехника, ҳунармандчилик маҳсулотлари, шунингдек, бадиий китоблар ва янги чоп этилган дарсликлар кўргазмасини кўздан кечирди.

Тўлқин СИДДИҚОВ.

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).