Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вилоятдаги масжид ва зиёратгоҳларда қурбонликлар адо этилмоқда

Ҳикоя қилишларича, бир аёл тушида бир одамни заҳарли илон чақиб, ўлдирганини кўрди. Бу туш аёлни жуда қўрқитди. Тонг отгач, аёл ўша тушида кўрган одамнинг уйига бориб, кўрган тушини унинг ўзига айтиб берди. Ундан эҳтиёт бўлишни, ҳушёр юришни илтимос қилди.

Аёл кетгач, ҳалиги одам Аллоҳ учун иккита қўй сўйиб, садақа қилишни назр қилди. Шояд, ўша сўйган қўйлари сабабли қўрқинчли тушнинг хатаридан саломат бўлса.

Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи вассаллам ҳам Ҳадиси шарифларда “Садақа балони қайтаради ва умрни узайтиради”, деганлар.

Коронавирус балоси дунё афкор оммаси ҳаловатини бузган айни кунларда ҳар биримиз мутахассислар тавсия ва кўрсатмаларига қатъий риоя этиб, Аллоҳ таолодан ушбу касалликнинг бутун инсоният бошидан даф этишини сўраб, дуолар қилишимиз, хайр-эҳсон ва садақалар қилишимиз айни муддао бўлар эди.

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси тавсияси, шунингдек, вилоят ҳамда шаҳар ва туман ҳокимликлари ташаббуси билан бевосита ҳокимлар иштирокида барча зиёратгоҳ, қадамжо ва масжидлар томонидан эҳсонлар ҳамда қурбонликлар адо этилмоқда. Жумладан, Самарқанд вилоятида мавжуд зиёратгоҳ ва масжидлар томонидан шу вақтга қадар 2 бош қорамол, 1 бош туя ва 32 бош қўй сўйилиб, гўшти ва жами 100 миллион сўмга яқин бошқа зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари ижтимоий кўмакка муҳтож, кам таъминланган оилалар ҳамда дуоси мустажоб инсонларга эҳсон қилинди.

Шунингдек, вилоятдаги мавжуд 285 та масжид имом-хатиблари, имом-ноиблари ҳамда отинойилар томонидан жойларда хатми Қуръонлар ўқилди. Қурбонликлар, дуо, истиғфорлар шарофатидан бало-ю офатларни бартараф этишни сўраб дуолар қилинди.

Хайрия тадбирлари Қуръон карим тиловатлари, истиғфорлар, салавотлар айтиш ва илтижолар қилиш баробарида давом эттирилади.

Аллоҳ таоло хайр-эҳсонларни қабул қилиб, бу йўлда ўз ҳиссаларини қўшган барча саховатпеша кишиларга ажру мукофотларини зиёда қилсин.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги Ахборот хизмати