Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хотинини ваҳшийларча ўлдирган эр 17 йилга озодликдан маҳрум этилди

Фарида ошхонада салкам 10 йилдан буён официант бўлиб ишларди. Шу ошхонага тез-тез келиб турадиган Элдор буни ўрганди. У билан гаплашди ва турмуш қуришганди. Табиийки, хотинининг иши тўйдан кейин Элдорни ғашини келтира бошлади. У аёлини пойлайдиган, ҳуда-беҳуда рашк қиладиган бўлиб қолганди.

Ўша куни тонгда эр-хотин эртага ҳовлиларида пиширилажак сумалак ҳақида маслаҳатлашди. Яхши кайфият билан ширин орзулар қилишди. Фарида ишга бориб келадиган, Элдор сумалак учун қозон ва ўчоқ топиб, ҳовлига ўрнатадиган бўлди.

Қанийди шундай давом этганида...

Муқаддам 4 маротаба судланган, икки бор узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиниб жазо ўтаган Элдорнинг феъли айниди. Асло бир ишга қўл ургиси келмасдан, хотини ишлаётган ошхонага борди. Хотинини эркакларга хизмат қилиб юрганидан ғазаби қайнади. Шу ернинг ўзида жанжал кўтарди.

Фарида эрини шу дам жаҳлдан туширишга кўзи етмай шу яқин атрофда бўлган ота уйига чопди.

-   Ака, эрим ошхонада тўполон қиляпти. Бориб уни алдаб уйга олиб боринг, мен ҳисоб-китобимни қилиб ортинглардан етаман. Юринг, ака, илтимос, шундай қилмасангиз бўлмайди.

Ҳар қанча зарур юмушлари бўлса ҳам синглисининг оҳ-зоридан ўтолмаган Ғайратбек синглиси билан ошхонага етди. Бу вақтда кун асрга бориб қолганди. Бир зумда хотинининг йўқолиб қолганидан аламзада Элдор важоҳат билан ошхонада ўтирарди.

-   Қаёққа йўқолдинг, кимнинг олдига бориб келяпсан?! - Хотинини кўриб ўшқирди у.

-   Акамни айтиб келдим, сизни кутяптилар.

Ғайратбек куёви билан гаплашиб ташқарига чиқди. Кафега ўтиб пиво ичишди. Салгина ҳовридан тушгандай бўлган куёвни уйига бошлади.

-   Ишламаса ишламас, мен ҳам сиз тараф, фақат бугун ҳисобини қилиб берсин. Эртадан чиқмайди ишга. Юринг биз уйга бориб турамиз...

Уларнинг ортидан етиб келган Фарида ўчоқ-қозоннинг ўрнатилмаганини кўриб сиқилди.

-   Ортимдан пойлаб боргунча шуни қилсангиз бўларди-ю...

Элдорнинг мияси қисиб қолгандай яна хотинига ўшқира кетди.

-   Ғазабланманг, Элдорбек, мен ҳам шу ерда қоламан, эрталаб эрта турсак улгурамиз, яхшиси эртароқ дам олинглар.

Эр-хотиннинг жанжали ичкарида ҳам тўхтамади. Кишини ваҳимага солувчи тўс-тўполондан қўшни хонада ётган қайини ҳам кўз юма олмасди. Синглисининг додлаши, аёвсиз калтакланаётганлигини қулоқлари унга англатиб турарди. “Ёрдам беринг!!!”.

Бу гап уни хонада қолишига йўл қўймади. Хонадан учиб чиқди ва синглисининг ётоғида пайдо бўлди. Аҳволдан ўзини йўқотиб қичқирди - “Нима қилиб қўйдинг?!”.

Куёв қўлида қон пичоқни ушлаганча турарди. Юзтубан ётган сингил базўр шивирлади, “Ака, дўх...тир чақ...қиринг”.

Ғофир шошганча, қўшни девордан қичқириб “Тез ёрдам” чақиришларини айтди-ю ортига чопди. У етиб келганда Элдор синглисининг сочидан ушлаб бўғзига пичоқ тираб турарди.

-   Йўқ! Ундай қилма, илтимос! Пичоқни ташла! Ташлаа!!!

Аммо бундай фожиалар юз беришига, бошингдан мусибат ёғилишига бир сония кифоя. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Ака етиб келолмади.

Эр пичоқни ташламади, аксинча ўз аёлининг бўғзидан тортиб юборди...

Шифокорлар келишганда Фариданинг жони узилиб бўлганди.

Суд тиббий илмий-амалий маркази эксперт хулосасидан: ...марҳума Ф.Эшжонованинг ўлими бўйин олди юзаси чуқур кесилган. Бўйин териси, тери ости мушаклари, тери ости веналари ва ички веналари, уйқу артерияси адашган нервлари кесилган жароҳатларидан, ўткир массив қон кетиши ва қон йўқотиш натижасида келиб чиққан. Бундан ташқари, кўкрак қафаси чап олд юзаси ва кўкрак қафаси орқа юзаси кўкрак қафасига тешиб кирган жароҳатлар ўнг ўпка юқори бўлагини санчилган-кесилган  жароҳати, ўнг кўкрак орқа ўнг елка соҳаси санчилган кесилган, ўнг қўл кафти ва чап қўл 2-бармоғи кесилган жароҳатлардан иборат бўлиб, жароҳат санчувчи кесувчи пичоқ тиғ қисми таъсирида етказилган бўлиши мумкин. Дастлаб чап кўкрак соҳасига, у қочишга уринган пайтда юрганида ёки югурганида ўнг кўкрак орқа юзаси ва ўнг елка соҳасига, охирида бўйин соҳасидаги жароҳатлар етказилган. Чап кўкрак, ўнг кўкрак орқа юзасидаги  жароҳатлар, ўнг елка соҳасидаги жароҳатлар вақтида мустақил ҳаракат қилган бўлиши, бўйин соҳасидаги жароҳатдан сўнг қисқа вақт ичида ўлим юз берган...”.

Кўриниб турибдики, аёлнинг бир неча жойига шафқасизларча пичоқ уриб таскин топмаган эр сўзсиз ўлимга олиб келувчи чорани қўллайди. Тизгинсиз, асоссиз рашк бир оилани шу тарзда мағлуб этди.

Бир ёшгина аёл бевақт оламдан кўз юмди. Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти суди судьяси Д.Ахмадалиева раислигида кўрилган суд мажлиси якунига кўра, ноқобил эр Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “ж”банди билан 17 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Акрамжон АРИПОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий суди катта консультанти.