Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Йил бошидан буён салкам 10 мингта ёнғин қайд қилинди, 88 киши ҳалок бўлди

2019 йилнинг ўтган 10 ойи давомида Республика ҳудудида жами 9384 та ёнғинлар қайд этилиб, ушбу ёнғинларда 88 нафар инсон ҳалок бўлган ва 240 нафар киши тан жароҳати олган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси хабар бермоқда.

Жами содир бўлган ёнғинларнинг 69,3 фоизи аҳоли яшаш жойларида, 9,5 фоизи тадбиркорлик субъектлари объектларида, 5,3 фоизи транспорт воситаларида ва 1,3 фоизи давлат тасарруфидаги объектларида юзага келган. Ёнғинларнинг 38,9 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 30,1 фоизи электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларини бузилиши,11,1 фоизи иситиш печларининг носозлиги ёки улардан нотўғри фойдаланиш, 9,9 фоизи болаларнинг шўхлиги ва 4 фоизи транспорт воситаларидан фойдаланиш ва тузилиши қоидаларининг бузилишидан содир бўлган.

Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан 2019 йилнинг ўтган 10 ойи давомида ўтказилган профилактик ишлари натижасида 15586 та бино ва иншоотларда ёнғин келиб чиқиш хавфининг олди олинган.

Содир бўлган ёнғинларни ўчириш вақтида кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида 35 нафар инсон қутқарилган, 1271 бош уй ҳайвонлари, 123 хил техникалар, 289 миллирад сўмдан зиёд бино ва иншоотлар қурилмалари ва 95 миллирад сўмдан ортиқ моддий бойликлар сақлаб қолинган.

Шунингдек, фуқароларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлашга оид билим ва кўникмаларига эга бўлиб бориши натижасида 2019 йилнинг ўтган 10 ойи давомида содир бўлган ёнғинлар 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 345 тага, ёнғинларда инсонларнинг ҳалок бўлиши 10 тага ва тан жароҳати олиш ҳолати 56 тага камайган.