Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ёқилган хазон – саломатлигимиз кушандаси

Марказий кўчалар, маъмурий бинолар жойлашган ҳудудлар чиннидек тоза, кузги гуллар, райҳонлар барқ уриб турибди. Аммо баъзи маҳаллаларга киришингиз билан мутлақо бошқача манзарага кўзингиз тушади. Ариқлар чиқинди ва баргларга, кўчалар эса ёқилаётган хазонлар алангаси тутунига тўлган.

Хазонларни ёқиш ёнғинларга сабаб бўлишини, атроф-муҳит, инсонлар соғлиғига, наботот оламига зиён етказмоқда. Аслида барг-хазонларни кўмиш орқали ўғит тайёрлаш мумкин.

Тонг саҳарда хазонларни тўплаб, чиқинди қутиларига ташлаётган, уларни ариққа қаратиб супураётган ёки хазонларга гугурт чақаётган кишиларни учратиб қоламиз.

Бу инсонлар учун фожиа эканлигини кўпчилигимиз англаб етмаяпмиз. Ваҳоланки, табиий тўкилиш асосида барглар ер юзасига тушиб, инсон ва табиат учун зарарсиз ҳолатда бўлади. Лекин биз “тозалик” баҳона қуриган баргларни тўплаб, ёқиб юборамиз. Бунинг оқибатида баргларда тўпланган заҳарли газлар яна атмосферага чиқади. Аксарият ҳолларда хазон билан бирга пластик идишлар, полиэтилен пакетлар ҳам қўшиб ёқилади ва ўзига хос барчамиз нафас олаётган ҳавода «заҳарли коктейл» пайдо бўлади.

Қуруқ барглар ёқилганда ҳам ундан ҳосил бўладиган тутундан минглаб одамлар нафас олиб, саломатлигини хавф остига қўяди. Биринчидан, одамнинг ўпка тизими зарарланади. Заҳарли моддалар қон орқали бутун танага тарқаб, буйрак, жигар, бош мия ва асаб тизимига катта зарар етказади.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, 1 тонна қуриган барг ёнганда ҳавога 9 килограмгача тутун микрозарралари ажралади. Бу микрозарралар таркибига: чанг, азот оксиди, ис гази, оғир металлар ҳамда инсон учун хавфли моддалардан – диоксин ва диоксан киради. Мазкур заҳарли моддалар инсон организмига тушгач, иммун тизимига зарар етказади, гормон ва витаминлар фаолиятини издан чиқаради.

Шунингдек, қуриган майса ва баргларни ёқиш оқибатида тупроқ қатламининг фойдали микроорганизмлари – ёмғир чувалчанглари, майда ҳашаротлар нобуд бўлади. Майсаларга ўт қўйилса, олов жуда тез тарқалиб, бошқариб бўлмас кучга айланади, дарахтлар, ўрмон ва уйларнинг кулини кўкка совуриши ҳеч гап эмас.

Хўш, қандай йўл тутган афзал? Кузда дарахтлардан тўкиладиган, сарғайган барглар ерга кўмилса, келгуси баҳор учун фойдали ўғит бўлади. Йиғилган баргларни қопларга солиб қиш давомида кутилса, улар чириб компосга айланади. Тажрибали боғбонлар кузда махсус чуқурлар қазиб, тўкилган баргларни шу чуқурларга кўмган ва устидан тупроқ тортишган. Баҳорда чуқур усти очилиб, тайёр бўлган чириндидан дарахтларга ўғит сифатида фойдаланганлар.

Самарқанд вилояти экология ва атроф-мухитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати.