Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ёш оилаларнинг бузилиб кетишига асосий сабаб нима экани маълум бўлди

Халқимизнинг оилада фарзанд тарбиясида ўлмас қадриятларидан бири қизларни ёшлигидан чеварликка ўргатиш бўлган. Уларга каштачилик сирларини сингдиришган. Турмушга чиқадиган қизлар тўйига атаб кашталар, куёвга атаб белбоғ, рўмолчалар тикиб сепига қўшган. Бундай қараганда, ҳозирда қизларни бўш вақтида кўзининг нурини тўкиб, машаққатли иш бўлган кашта, дўппи тикишларига эҳтиёж йўқ. Бозорларда исталганча топилади. Бироқ бу удумнинг замирига чуқурроқ разм солсангиз унда бўлажак оила ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган маънавий тарбия мужассамлигини кўрасиз.

Қиз боланинг ширин хаёллар, покиза орзу-ниятлар билан ўз қўли билан тўйига атаб тиккан буюмлари меҳр-муҳаббат, садоқат, вафодорлик тимсолидир. Бу эса келажакда қурилажак оилалар мустаҳкамлиги, эр-хотиннинг ўзаро аҳиллиги, фарзандлар тарбиясида ҳамжиҳатлигига хизмат қилади. Халқимиз «Эпли қиз – сепли қиз» дейишади. Келин бўлиб тушган қизни уй-рўзғор юмушларига уддабуронлиги, саранжом-саришталиги, тикув-бичувга чеварлиги оилага файз бағишлайди. Ота-онасига раҳмат ёғдиради.

Ҳеч кимга сир эмас, ҳозирда жуда кўп ёш оилаларнинг бузилиб кетишида келинларни рўзғор юритишга уқувсизлиги, вақтида бунга эътибор бермаганликлари ҳам сабаб бўлаётир.
Раҳима хола ўтган йили ўғлини уйлантирган эди. Ярим йил ўтмасдан ажратиб юборди.
- Кексайганимда келиним уй-рўзғор юмушларини қўлимдан олади, деб ўйлаган эдим, - дейди хуноби ошиб Раҳима хола. – Қўлини совуқ сувга урмай ўсган экан. Оддийгина супуриб-сидириш, пишириш, кир-чирни чайиш, ясаш-ясатишни ҳам билмайди. Илгариги ғайратим, кўзда нурим оёқ-қўлда мадорим бўлсайди унга қарам бўлиб ўтирмасдим…

Афсуски, келин бўлгач, рўзғор машаққатларига дош беролмаётганлар учраб туради. Демоқчиманки, қизларимиз болаликдан оила деган муқаддас қўрғоннинг чинакам маликаси бўлишга тайёрланиб боришса нур устига нур бўларди.

Тоғаймурод Шомуродов.