Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Самарқандда зўравонликка учраган аёл жиноят ишида тўлақонли тергов-суриштирувни таъминлашга чақирди

Самарқанд шаҳрида юз берган оилавий зўравонликка учраш ҳолати ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ва бошқа давлат тизимлари муносабат билдирди.

Аниқланишича, аёл эри томонидан бир неча йиллар давомида мунтазам калтакланиб келинган. Аммо у шу кунга қадар на маҳаллага, на бошқа ташкилотларга мурожаат қилмаган.

Маълумотларга кўра, айни пайтда жабрланган аёлга тиббий ва руҳий ёрдам кўрсатилмоқда. Бундан ташқари, аёлнинг фарзандлари билан вақтинча яшаб туриши учун шароит ҳам яратилган. Ҳозирда тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Сўнгги уч йил давомида Ўзбекистонда гендер тенглиги “тақиқланган мавзулар” рўйхатидан чиқарилди. Тузилмавий ва институционал ўзгаришлар давом этмоқда, қонунчилик такомиллаштирилмоқда. Жумладан, 2019 йил Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссия тузилди. Сентябрь ойида иккита —  “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги муҳим қонунлар кучга кирди. Бироқ республикамизнинг турли ҳудудларида оиладаги зўравонлик ҳақида чақириқлар бўлиб турибди. Жумладан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати психолог-волонтёрлар жамоаси ҳамда ҳамкорлар билан бирга руҳий кўмак кўрсатувчи телеграм-каналининг боти орқали мурожаатлар келмоқда.

Таъкидлаш керак, халқаро тажрибада оилавий зўравонлик ҳолатида, айниқса, бунга аёллар учраганда, масъулият давлат зиммасига тушади. Бу масъулият юридик эмас, ахлоқий характерга эга. Ўзбекистон 1995 йил июнь ойидаёқ БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияга қўшилган. Шундан сўнг давлат ихтиёрий равишда мазкур конвенция талабларини бажариш мажбуриятини (гендер тенгликни таъминлаш ва аёллар турмушини яхшилаш) олди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати бу каби жиноятларда тўлақонли тергов-суриштирувни таъминлашга ҳамда аёллар, уларнинг вояга етмаган фарзандлари ҳаёти, саломатлиги, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида тегишли чоралар кўришга чақиради.

Ушбу йўналишда жабр кўрган аёллар учун ҳимоя ордерлари бериш тизимларини самарали ташкил қилиш, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш, руҳий ва ижтимоий-иқтисодий кўмак бериш ва бунда маҳфийликни сақлаб қолиш муҳим аҳамият касб этади.

Бундай ҳолатларда қандай муносабатда бўлиш ва қандай йўл тутишни билиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда услубий ёндашган ҳолда ишлаш ҳам муҳим роль ўйнайди. Ҳуқуқ органлари тизимлари бундай вазиятларга тезкорлик билан муносабат билдириши, бу бўйича брифинг ва матбуот анжуманларини ўтказиши зарур. Зарурий чоралардан яна бири — оилада маиший зўравонликларни тўхтатишга, фуқароларга ҳуқуқий нормаларни, масала ечимларини тушунтиришга қаратилган кенг ахборот кампаниясидир.