Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

@zarafshonbot’га мурожаат:  Булунғурда нега ўқитувчилар истеъмол кредити ололмаяпти?

Ўтган йили май ойида халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга истеъмол кредитлари ва кредит карталар берилишини эшитиб, ҳамкасбим билан “Aгробанк” АТБнинг Булунғур филиали кредит бўлимига бордик. Банк ходими бизга кредит карта 2 йил муддатга, иш ҳақининг 4 баробари миқдорида, йиллик 23 фоиз ставкада берилишини тушунтирди. Кредит карта олиш учун ҳужжатлар тайёрладик ва уни кредит бўлимига топширдик. Кредит карта ҳадеганда чиқавермади, банкка бориб картамиз қачон чиқишини сўрасак, ҳар сафар “Картангиз чиқса хабар берамиз”, дейишдан нарига ўтмади.

Орадан ойлар ўтди, ниҳоят “Aгробанк” АТБнинг Булунғур филиали кредит бўлимида кредит картамиз борлигини эшитдик ва уни олиш учун банкка бордик. Кредит бўлими ходими Нуриддин Aззамқулов бизга кредит карталарни олиб келганлиги, танишимнинг картаси чиққани, лекин менинг картам йўқолганини айтди.

Шундан сўнг, “Aгробанк” АТБ вилоят бошқармасига бориб, янги кредит карта очириб келдим. Яна ўша банк ходими Н.Аззамқуловга учрашдик. У бизга ҳозир ойнинг охири экани, ойнинг бошида келишимизни айтди. Кейинги ойининг бошида яна учрашдик, натижа бўлмади.

Хуллас, ўтган йилнинг май ойидан буён ҳамкасбим билан кредит карта очириб, истеъмол кредити ололмай келмоқдаман. Банк ходими “Эрта, индин, бир ҳафтадан кейин келинг”, дейишдан нарига ўтмаяпти. Банкка қатнашдан чарчадик. Оддий истеъмол кредитини олиш шунчалик қийинми?

Уммат Ҳайдаров,

Булунғур туманидаги 35-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.