Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Зуллисонайн шоир хотираси

Ул санамнинг кўзи кулгай ўзи кулмасдан бурун,

Ўзи кулгайму санамнинг кўзи кулмасдан бурун.

Аллақачон назм мухлислари қалбидан ўрин олиб улгурган бу ўйноқи мисралар ургутлик зуллисонайн шоир Ўлмас Жамол қаламига мансуб.

Ургутда туғилиб, тақдир тақозоси билан қўшни Тожикистон Республикасида узоқ йиллар яшаб ижод қилган шоир ўзининг бутун фаолияти давомида аруз вазнида бетакрор ғазаллар ёзди, ўзбек ва тожик халқларининг азалий дўстлигини баралла куйлади.

Ҳассос шоир таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан Ургут туманидаги болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган “Назм ва наво” кечасига Тожикистон Республикаси, Қорақалпоғистон ҳамда қўшни вилоятлардан ёш ижодкорлар, санъаткорлар, олимлар ташриф буюрди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ўлмас Жамол ижодининг турли қирралари, у қолдирган бой ижодий мероснинг бугунги кун учун аҳамияти, муаллифнинг бетакрор истеъдоди ҳақида гапирди.

– Ўлмас Жамол асарларининг ўқувчилар дунёқарашини шакллантиришдаги, хусусан, ёшлар тарбиясидаги ўрни катта, - дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими масъул котиби Тошпўлат Тугалов. - Агар таъбир жоиз бўлса, у кишининг ижодини ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги улкан бир маънавий кўприк, дейиш мумкин. У икки тилда баравар ижод қилди, асарларида икки халқни бирдамлик, дўстлик, аҳилликка чорлади.

Ўлмас Жамол шеърлар ёзиш билан бирга журналистика соҳасида ҳам баракали ижод қилди. Узоқ йиллар Душанбеда ўзбек тилида чоп этиладиган “Халқ овози” газетасида фаолият кўрсатди.

“Назм ва наво” кечасида ёш хонандалар ижросида янграган шоир шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар барчага манзур бўлди.

Ёрмамат РУСТАМОВ.