Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

АҚШда 30 минг йиллик қамоқ жазоси ҳам тайинланади. Нега?

Эҳтимол, сиз АҚШда қайсидир жиноятчига бир неча минг йиллик қамоқ жазоси ҳукми чиқарилиши ҳақида эшитгандирсиз. Албатта, бу қадар узоқ муддатли қамоқ жазосини ўташнинг иложи йўқ. Чунки ҳеч ким бу қадар узоқ умр кўрмайди.

У ҳолда нега Американинг баъзи федерал ёки штат қонунларида бундай эҳтиёт чоралари назарда тутилади?

АҚШда бошқа бир қатор давлатлардан фарқли бир нечта моддаларда айбланган жиноятчиларга нисбатан қамоқ жазосининг умумий муддати қўлланилади. Яъни, агар шахс бир нечта жиноят содир этган бўлса, уларнинг жазо муддати жамланади. Шу тарзда айрим ўта хавфли жиноятчилар бир неча минг йил муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Бироқ ушбу жазоларни ўлим жазосига ўзгартириб бўлмайди.

Бу осон иш эмас. Чунки АҚШнинг кўплаб штатларида ўлим жазоси бекор қилинган. Шунингдек, Америкада маҳбусни муддатидан олдин озодликка чиқариш қонуни ҳам мавжуд. Бундай қонунга кўра, маълум вақт қамоқ жазосини ўтаган маҳбус муддатдан илгари озодликка чиқиш тўғрисида мурожат қилиши мумкин. Шунинг учун жиноятчи бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган бўлса, бир ҳукм бўйича муддатидан илгари озодликка эришган тақдирда ҳам у кейинги ҳукмда назарда тутилган бир умрлик жазони ўташни бошлайди.

Мисол учун, Оклахома штатида “85 % қоидаси” мавжуд. Мазкур қонунга биноан жиноятчи муддатдан илгари озодликка чиқишни сўрашдан олдин у ҳукм қилинган қамоқ муддатининг 85 фоизини ўтаган бўлиши шарт. Жиноятчи бир неча минг йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган бўлса-чи? У ҳолда муддатидан илгари озодликка чиқарилиши ҳақида ўйламаса ҳам бўлади.

Инсоният тарихидаги энг узоқ муддатли қамоқ жазоси

Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олган энг узоқ муддатли қамоқ жазоси зўравон ва қотил Чарльз Скотт Робинсонга нисбатан қўлланилган. Ҳакамлар ҳайъати Оклахома штати судьясидан ҳар бир исботланган ваҳший қотиллик учун жиноятчига 5 минг йил қамоқ жазоси берилишини талаб қилишди. Шундай қилиб, ҳар бир муддат навбати билан ўталиши шарти билан Робинсон 30 минг йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.