Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Ноқонуний қурилишларга ким барҳам беради?

Zarnews.uz сайтининг шу йил 30 январдаги ҳамда «Зарафшон» газетасининг 1 февралдаги 14-сонида «Ноқонуний қурилишларга ким барҳам беради?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Ушбу мақола юзасидан таҳририятимизга вилоят қурилиш назорати инспекцияси бошлиғи Ш.Илмуродов имзоси билан жавоб хати келди. Унда, жумладан, шундай дейилади:

«Вилоят қурилиш назорати инспекцияси томонидан Пайариқ тумани, Челак шаҳрида жойлашган Мотамсаро она ҳайкали ҳудудида Комила Аҳроровага тегишли қурилиш объекти ваколат доирасида ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, Пайариқ тумани ҳокимининг 2018 йил 23 июлдаги 1955-сонли қарори билан фуқаро К.Аҳроровага Мотамсаро она ҳайкали ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ёриткичлар ўрнатиш, кичик фавворалар ва автомобиллар тўхташ майдончаси қуриб бериш шарти билан ушбу ҳудуддан 400,0 квадрат метр ер майдони вақтинчалик енгил конструкцияли (музқаймоқ ва яхна ичимлик) павильон, суратхона ва қаҳвахона қуриш учун ажратилган ҳамда қурилиш ишларига рухсат берилган.

Вилоят архитектура ва қурилиш (ҳозирги қурилиш) бош бошқармаси томонидан архитектура режалаштириш топшириғи ва «Самвиллойиҳа» масъулияти чекланган жамияти томонидан лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилган, бошқарма ҳузуридаги архитектура-шаҳарсозлик кенгаши томонидан маъқулланган. Шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатлари «Trump proekt» масъулияти чекланган жамияти томонидан ўрганиб чиқилган ва ижобий йиғма эксперт хулосаси берилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 январдаги 15-сонли қарорига асосан вақтинчалик, енгил конструкцияли қурилмалар қурилиши объектларининг мураккаблик (хавфлилик) даражасига кўра I тоифага кириши белгиланган. Бироқ фуқаро К.Аҳророва томонидан вақтинчалик, енгил конструкцияли музқаймоқ ва яхна ичимликлар павильони, суратхона ва қаҳвахона ўрнига 20,0х8,0 метр ўлчамдаги олд фасад қисми ойна, қолган томонлари шлакаблокда бажарилиб, капитал қурилиш ишлари амалга оширилган.

Ўрганиш давомида фуқаро К.Аҳроровага юқоридагилар юзасидан тушунча берилди ва белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирилди. Шунингдек, Шаҳарсозлик кодексининг 20-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 июлдаги “Аҳоли пунктларини қуришда шаҳарсозлик ва ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлашга, шунингдек, тадбиркорлик мақсадлари учун ер ажратиш тартибини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори талаблари асосида ўзбошимчалик билан амалга оширилган (ноқонуний) қурилиш ишларини бартараф этиш учун инспекциямиз томонидан аниқланган камчиликлар ҳақидаги ҳужжатлар Пайариқ тумани ҳокимлигига юборилди”.

ТАҲРИРИЯТДАН: Жавоб хатидан маълум бўляптики, ҳақиқатан ҳам Челак шаҳридаги Мотамсаро она ҳайкали атрофида ноқонуний қурилишлар кузатилган. Аммо яна шу савол очиқ қолмоқда: “Ноқонуний қурилишларга ким барҳам беради?”. Хўп, инспекция ўз фаолияти доирасида ҳолатни назоратига олар, аммо вазиятни ким ўнглайди? Қурилиш бошқармасими? Пайариқ тумани ҳокимлигими? Қачон? Қай тартибда? Бунга вилоят бош архитектори ва туман ҳокимлигидан аниқ жавоб кутамиз.