Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

1 март - халқимизнинг атоқли шоираси Зулфия таваллуд топган кун

Зулфия - таниқли ва иқтидорли ўзбек шоираси. У 1915 йилда Тошкент шаҳрида ҳунарманд-дегрезчи оиласида туғилган.

Зулфия ўрта мактабни ва аёллар педагогика билим юртини тамомлаб, республика газета ва журналларида иш фаолиятини бошлаган. Унинг илк шеърлари “Янги йўл” журнали, “Қизил Ўзбекистон” ҳамда “Ёш ленинчи” газеталарида чоп этилган.

1932 йилда “Ҳаёт саҳифалари” илк шеърий тўплами омма юзини кўрди.

1938 йилдан у турли йирик нашриётларда ишлайди, республика ва республикалараро ҳар хил ташкилотлар аъзосига айланади. Узоқ йиллар “Саодат” журнали бош муҳаррири бўлиб ишлаган.

Иқтидорли шоира ва ёзувчи, инсон қалб туғёнларини ўткир билимдони бўлиб, турли жанрларда асарлар яратган: достонлар, балладалар, элегиялар, насрий шеърлар, ҳикоялар, очерклар, публисцистик мақолалар ва газета хабарлари. У томонидан, шунингдек, ўзбек бастакорларининг операларига либреттолар ҳам ёзилган, масалан, “Зайнаб ва Омон” операсига либретто. Шу билан бирга турмуш ўртоғи Ҳамид Олимжон қаламига мансуб “Семурғ” достони мавзуси асосида, эртак-саҳна асарини ҳам ёзган.

Шоиранинг энг машҳур шеърлари: “Ҳулкар”, “Мен тонгни куйлайман”, “Юрагимга яқин кишилар”, “Юрак йўлда”, “Менинг баҳорим”, “Шаршара” кабилардир.

2004 йил Ўзбекистонда Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилиб, адабиёт, санъат, илм-фан, маданият ва таълим соҳаларидаги муваффақиятга эришган, ёши 14 дан 22 ёшгача бўлган қизларга ҳар йили 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни тақдим этилади.

Ўзбекистон халқ шоираси Зулфия 1996 йилда вафот этган.

БАҲОР КЕЛДИ СЕНИ СЎРОҚЛАБ...
Салқин саҳарларда, бодом гулида,
Бинафша лабида, ерларда баҳор.
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор…

Қанча севар эдинг, бағрим, баҳорни,
Ўрик гулларининг эдинг мафтуни.
Ҳар уйғонган куртак ҳаёт берган каби
Кўзларингга суртиб ўпардинг уни.

Мана қимматлигим, яна баҳор келиб,
Сени излаб юрди, кезди сарсари.
Қишнинг ёқасидан тутиб сўради сени,
Ул ҳам ёш тўкди-ю, чекилди нари.

Сени излар экан, бўлиб шаббода,
Сен юрган боғларни қидириб чиқди.
Ёйиб кўрсатай деб ҳусн-кўркини,
Яшил қирғоқларни қидириб чиқди.

Топмай, сабри тугаб бўрон бўлди-ю,
Жарликларга олиб кетди бошини.
Фарҳод тоғларидан дарагинг излаб,
Сойларга қулатди тоғнинг тошини.

Қирларга илк чиққан қўйчивонлардан
Қайда шоир, дея айлади сўроқ.
Бирида сукунат, маъюслик кўриб,
Ҳориб-чарчаб келди, тоқатлари тоқ…

Сўнгра жило бўлиб кирди ётоғимга,
Ҳуркар ва Омоннинг ўпди юзидан.
Сингиб ёш куйдирган заъфар ёноғимга
Секин хабар берди менга ўзидан.

Лекин ётоғимда сени тополмай,
Бир нуқтада қолди узоқ тикилиб.
Яна ел бўлди-ю, кезиб сарсари,
Мендан сўрай кетди қалбимни тилиб.

“Қани мен келганда кулиб қаршилаб,
Қўшиғи мавжланиб бир дарё оққан?
“Бахтим борми дея, яккаш сўроқлаб”
Мени шеърга ўраб суқланиб боққан?

Ўрик гулларига тўнмайди нега,
Елда ҳилпиратиб жингала сочин?
Нега мен келтирган шўх нашидага
Пешвоз чиқмайди у ёзиб қулочин?

Қандай ишққа тўлиб боқарди тонгга,
Камол топтирарди кенг хаёлимни.
Унинг рангдор, жозиб қўшиғида
Мудом кўрар эдим ўз жамолимни.

Қани ўша куйчи, хаёлчан йигит?
Нечун кўзингда ёш, туриб қолдинг лол.
Нечун қора либос, сочларингда оқ,
Нечун бу кўкламда сен паришонҳол?”

Қандай жавоб айтай, лолдир тилларим,
Баридан тутдим-у, келдим қошингга.
У ҳам ғаминг билан кезди афтода,
Боқиб туролмайин қабринг тошига.

Аламда тутоқиб дарахтга кўчди,
Куртакни уйғотиб сўйлади ғамнок.
Сенинг ёдинг билан елиб беқарор,
Гуллар ғунчасини этди чок-чок.

Гулу райҳонларнинг таралди атри,
Самони қоплади майин бир қўшиқ.
Бу қўшиқ нақадар ошно, яқин,
Нақадар ҳаётбахш, оташга тўлиқ.

Баҳорга бурканган сен севган элда,
Овозинг янгради жўшқин, забардаст.
Ўлмаган экансан, жоним, сен ҳаёт,
Мен ҳам ҳали сенсиз олмадим нафас.

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,
Ҳаётни куйлайман, чекинар алам,
Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!