Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

10-сон меҳрибонлик уйида хайрия тадбири уюштирилди

O’zLiDeP Самарқанд шаҳар кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида Самарқанд шаҳридаги 10-сон меҳрибонлик уйида “Ҳеч ким эътибордан четда эмас” шиори остида хайрия тадбири уюштирилди. Тадбир баҳона Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус доирасида турли мусобақалар ташкил этилди.

Унда  халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши депутати, партия фаоли,“Бофанда”АЖ раҳбари Азиз Аҳроров томонидан болажонларга ёзги кийим-кечаклар улашилди.

- O’zLiDeP Самарқанд шаҳар кенгаши фаолларининг кўпчилиги тадбиркорлардир. Биз улар билан фахрланамиз. Бундай хайрия тадбирларини уюштиришда ўзлари ташаббус билан чиқишганлари алоҳида таҳсинга сазовордир, - дейди O’zLiDeP Самарқанд шаҳар Кенгаши раиси Фармон Очилов.

Шунингдек, тадбирда партиянинг Самарқанд шаҳар кенгаши қошидаги бошланғич ташкилоти раҳбари,“ТЕSKO PLUS” МЧЖ бош директори Азиз Мунисов томонидан байрам дастурхони ташкил қилиниб, 150 нафар болажонларга совға-саломлар туҳфа қилинди.

 Байрам тадбирида партия фаоллари, депутатлар иштирок этишди.

-  Партиямиз фаоллари меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг тақдирига бефарқ эмас. Бу каби тадбирларни ўтказишдан мақсад, болажонларни тадбиркорликка қизиқишларини ошириш, уларни ватанпарвар қилиб тарбиялашдан  иборатдир, - дейди халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши депутати Лола Абдуллаева.

Бахтигул Қаршиева,

O’zLiDeP Самарқанд вилоят

кенгаши матбуот котиби.