Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«100» долларлик келин…»

Ҳамкасбим кулибгина ҳикоя қилди:

-  Яхшигина қиз эди, қизлигида харидорлари жуда кўп эди! Кимлар келин қилишни орзу қилмасди-я! Мен ҳам келин қилмоқчи бўлгандим, бизни писанд қилишмади... Шаҳардан сал узоқроққа узатиб юборишди – “каттаконлар”  экан! Нима жин урди-ю, ота-онаси давлат идорасидаги ишларини ташлаб, Америкага ишлагани кетди! Нима етишмасди уларга, ҳайронман! Уй жойи бор, машинаси бор, ўқимишли, зиёли оила эди! Ўғилларини уйлантиришганда бутун шаҳар аҳлининг оғзи бир ҳафта “ёпилмай” қолганди, ҳашамату дабдабадан. Қизи уч болали бўлди, кўрсангиз танимайсиз, бечоранинг аввалги чиройидан асар ҳам қолмаган. Камига  ҳар ойда ота-онасиникидан 100 доллар олиб бормаса, қайнонаси ва эри уйига қўймас экан! Ҳар балони баҳона қилиб, жанжал ясаб,  ҳаётини дўзахга айлантираркан. Маҳалламизда уни “100 долларлик келин” деб  аташади...

Ўша қизни мен ҳам танирдим – унга ҳавас қилмаган одамнинг ўзи йўқ эди. Жуда қобилиятли, билимдон ва гўзал эди...

Қизларим гўзал бўлишларини мен ҳам орзулагандим!..

Афсус, ҳусн берса-ю бахт бермаса қийин экан.

Энди эса фарзандларимнинг бахтли, толеи гўзал бўлишини истайман...

Гулчеҳра Бердиёрова.