Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

17 февраль — Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ташкил топган кун (1863 йил, Женева)

Халқаро Қизил Хоч ва Қизил ярим Ой ҳаракати - умумжаҳон, инсонпарварлик ҳаракати. 1863 йилда асос солинган. Мазкур ҳаракат 3 тузилма - Халқаро Қизил Хоч қўмитаси (ҲҚХҚ); Халқаро Қизил Хоч ва Қизил ярим Ой жамиятлари федерацияси (ХҚХ ва ҚЯОЖФ): Қизил Хоч ва Қизил ярим Ой Миллий жамиятлари (МЖ)дан иборат.

Халқаро Қизил Хоч ва  Қизил ярим Ой ҳаракати учала тузилмасининг фаолият ваколатлари Халқаро Қизил Хоч ва Қизил ярим Ой ҳаракатининг Устави (1986) ва Севилья битими (1999) асосида белгиланган.

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси инсонпарварлик ташкилотидир. Асосан, қуролли тўқнашувларда жабрланганлар, қуруқлик ва денгиздаги ярадор ва бемор ҳарбий хизматчилар, ҳарбий маҳбуслар, аҳолига ёрдам бериш, шунингдек, ҳарбий низолар ва бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатида ажралиб қолган ҳамда бедарак йўқолган шахсларни қидириш вазифасини бажариб, бетараф воситачи сифатида инсонпарварлик ёрдами кўрсатади. Тинчлик соҳасидаги фаолият учун Нобель мукофоти билан тақдирланган (1917, 1944, 1963 йиллар). Қароргоҳи Женева шаҳрида. Халқаро Қизил Хоч ва Қизил ярим Ой жамиятлари федерацияси 1919 йил тузилган инсонпарварлик ташкилоти. Дунёнинг 181 мамлакати Миллий жамиятларини бирлаштиради (2004).

Асосан, табиий офатларга тайёрланиш ва уларга муносабат билдиришда Миллий жамиятларга ёрдам бериш, табиий офатлар, техникавий ва саноатдаги авариялар, фалокатларда алоҳида халқаро инсонпарварлик ёрдами кўрсатишга оид амалларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, аҳоли саломатлиги профилактикаси, энг муҳтож кишиларга қараш ва уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишни таъминлаш, аҳолига 1-ёрдам кўрсатишга ўқитиш, кўнгиллиликни ривожлантириш вазифаси билан шуғулланади.

ХҚХ ва ҚЯОЖФ фаолиятини Котибият таъминлаб туради. У Женева шаҳрида жойлашган. Қизил Хоч ва Қизил ярим Ой Миллий жамиятлари — хукуматлари Женева конвенцияларига имзо чеккан мамлакатлардаги Миллий жамиятлар. Қоидага кўра, ҳар бир мамлакатда фақат битта Қизил Хоч ёки Қизил ярим Ой Миллий жамияти тузилиши мумкин.

Ўзбекистон Қизил ярим Ой жамияти 1925 йилда ташкил этилган бўлиб, 1992 йилда мустақил Миллий жамият мақомига эришди. 1995 йилда Халқаро Қизил Хоч қўмитаси томонидан эътироф этилиб, Халқаро Қизил Хоч ва Қизил ярим Ой жамиятлари федерациясига аъзо бўлди.

 

“Ўзбекистон миллий энциклопедияси”. Т.9.