Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

20 йил ухлаган аёл

1954 йилнинг ёз кунида Днепропетровск тиббиёт институтининг психиатрия клиникасига тез ёрдам машинаси ғайриоддий беморни етказди. Надежда Лебедина кеча кечқурун уйқуга кетиб ҳали ҳам уйғонмаганлигини айтишди.

У нафас оларди, юрак уриши ҳам нормал эди, фақат уни уйғотиб бўлмасди.

Турмуш ўртоғи елка қисиб: “Сўнгги пайтларда тез-тез жанжаллашиб турардик, кеча ҳам айтишиб қолдик, лекин ҳаммаси одатдагидек эди”, деди. Унинг сўзларига кўра Надежда кечқурун йиғлаб-йиғлаб ухлаб қолган.

Шифокорлар ҳам таажжубда. Беморда пульс секинлаши ва тана ҳарорати пасайишини ҳисобга олмаганда бошқа патологик ўзгаришлар кузатилмади. Шунинг учун улар Надеждани найча билан озиқлантиришга мослаштириб кузатув учун клиникада қолдиришга қарор қилишди. Тиббий маълумотномада “кататоник қотиб қолиш” ташхиси қўйилди. Ва яна бир - “шизофрения” сўзини ҳам қўшиб қўйишди.

Надежда Лебедина тўрт йилни уйғонмасдан руҳий касалликлар клиникасида ўтказди. Шифокорлардан аниқ ҳукмни кутмасдан, онаси ўз қарамоғи ва назорати остида уни уйига олиб кетишга қарор қилди.

Бир йил ўтгач, Надежданинг эри вафот этди. Кўп ўтмай қизи Валя болалар уйига олиб кетилди – бувиси унга қарай олмасди, чунки бутун кучи ухлаган қизини парвариш қилишга сарфланарди.

Йиллар ўтган сари аёлнинг уйқуси майинлашди, у бошини ўгиришни, қўл ва оёқларини силкита бошлади. Лекин тўлиқ уйғонгани йўқ эди. Уйғониш онаси вафот этган куни содир бўлди. Дафн маросимидан сўнг 25 ёшли қизи Валя Надеждани олдига келиб, у кўзларини очиб ётганини кўриб ҳайрон  бўлди. Улардан ёш оқарди. “Онам вафот этдими?” - унинг биринчи саволи шу эди. Яна нимадир дейишга уринди, лекин сўзларини аниқлаб бўлмади.

Надежда яна ухлаб қолди. Шу зайл ухлади ва деярли 20 йилдан сўнг 1974 йилда уйғонди. Лебедина уйқуси 20 йилга чўзилганига ишонмади – у гўёки кечагина ухлаб, бугун уйғонганини, фақат уйқуси оғирроқ бўлганини айтди. 54 ёшга кирган бўлса-да, у жуда ёш кўринарди. Тезда танаси йўқотган вақт ўрнини қоплай бошлади. Шифокорларнинг сўзларига кўра аёл кунига эмас, соатига қараб қарий бошлаган. Юзига ажинлар тушиб, бошига оқ сочлар пайдо бўлди.

Шифокорлар унга бошқатдан юришни ва кундалик кўникмаларни ўргатишди. Хато қўйилган “шизофрения” ташхиси олиб ташланди. У билан бўлиб ўтган воқеа “истерик патологик туш” сифатида қабул қилинди.

Надежда Лебедина яна 20 йил яшади. У чет элда маърузалар ўқишга таклиф қилинган, япон телевидениеси у ҳақида фильм суратга олишни орзу қилар эди, лекин у “Темир парда”дан чиқишга муваффақ бўлмади.

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.