Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

2021 йилда вилоятимизда нечта боғча қурилади?

Бу ҳақда вилоят мактабгача таълим бошқармасида оммавий ахборот воситалари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ш.Раҳмонов жорий йилда вилоятимизда инвестиция, хусусий секторлар томонидан қурилиши режалаштирилган давлат, давлат-хусусий шериклик асосидаги, оилавий ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда уларга вилоятимиздаги 3-7 ёшли болаларни 70 фоизи қамраб олиниши режалаштирилаётгани, боғчалардаги таълим-тарбия сифатида ҳақида ахборот берди.

- Ўтган 3 йил давомида вилоятимизда қуввати 9300 ўринли 102 та давлат-хусусий шериклик асосида, қуввати 38 минг ўринли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилди, - дейди Ш.Раҳмонов. - Шу билан бирга инвестиция дастури асосида 6 та янги қурилиш, 116 та реконструкция, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 13 та янги қурилиш, 26 та реконструкция ва 18 та мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. 17 та бўш турган бошқа вазирлик ва идоралар балансидаги ижтимоий соҳа объектлари мактабгача таълим тизими тасарруфига ўтказилиб, 1980 ўринли мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилди.

Жорий йилда асосан боғчалар йўқ бўлган олис ҳудудларда мактабгача таълим ташкилотлари қуришни режалаштирганмиз. Рақамларга қарайдиган бўлсак, бугунги кунда 180 та олис ва чекка маҳаллаларда умуман боғча йўқ. 456 маҳаллада давлат боғчалари фаолият юритмайди. Жумладан, Ургут, Паст Дарғом, Самарқанд, Пахтачи, Иштихон туманларининг 10 дан зиёд маҳаллаларида давлат боғчалари мавжуд эмас. Шу мақсадда 2021 йилда Инвестиция дастури доирасида давлат МТТлари бўлмаган маҳаллаларда 16 та объект реконструкция қилинади.

Ургут туманининг Вағашти, Чеп ва Камонгарон маҳаллаларида неча йиллардан бери давлат мактабгача таълим ташкилоти йўқ эди. Жорий йилнинг иккинчи чорагида бу ерда ҳам янги давлат боғчалари фойдаланишга топширилади.

Шунингдек, тадбирда 10 минг қувватга эга 400 та оилавий, 1055 ўринли 10 та давлат-хусусий шериклик асосида ҳамда 1550 ўринли хусусий боғчалар қурилиши режалаштирилаётгани айтиб ўтилди.

Н.ЖОНТЎРАЕВА.

З.Болтаева фото.