Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

2022 йилда ҚҚС тўловчилар учун қандай ўзгаришлар бўлади?

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида ўтказилган семинарда тадбиркорлар учун зарур бўлган шу саволга жавоб берилди.

Тадбиркорлар ва ҳисобчилар иштирок этган тадбирда қарор билан соҳага жорий этилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилишича, қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказиш давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади. Махсус рўйхатдан ўтиш учун қўшилган қиймат солиғи тўловчилар давлат солиқ хизмати органларига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда ариза билан мурожаат этиши шарт. Қўшилган қиймат солиғи фақатгина белгиланган тартибда солиқ органларида махсус рўйхатдан ўтган ва фаол гувоҳномага эга бўлган етказиб берувчилар томонидан тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар асосида ҳақиқатда олинган товар (хизмат)лар бўйича ҳисобга олиниши мумкин. Солиқ органларида махсус рўйхатдан ўтмаган қўшилган қиймат солиғи тўловчилари қўшилган қиймат солиғини уни ҳисобга олиш ҳуқуқисиз тўлайди.

Қўшилган қиймат солиғи тўловчиларни солиқ органларида махсус рўйхатдан ўтказишда ҚҚС бўйича махсус рўйхатдан ўтиш тўғрисида аризалар етти кун ичида кўриб чиқилиши белгиланди. Солиқ органлари томонидан аризани кўриб чиқиш натижалари белгиланган муддатда қўшилган қиймат солиғи тўловчига тақдим этилмаганда, унга махсус рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома автоматик равишда берилиши назарда тутилади.

– 2022 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчилар ва устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар учун бир қатор мажбуриятлар белгиланди, – деди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Фаррух Аҳмеджанов. – Хусусан, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурсларни ҳисобга олиш (сотиб олиш (қуриш), ишга тушириш, қайта баҳолаш, тасарруф этиш) ҳамда ўз устав фондини (устав капиталини) шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча оперaцияларни давлат солиқ органларининг “E-aktiv” автоматлаштирилган ахборот тизимида акс эттириш лозим. Бундан ташқари, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хўжалик фаолияти давомида товар-моддий захиралар сақлаш муддати тугагач яроқсизлиги, жисмонан ва маънан эскирганлиги натижасида йўқ қилинганда ва камомад, йўқотиш ёки шикастланиш (синиш, бўлиниш) сабабли ҳисобдан чиқарилганда уч иш кунидан кечиктирмасдан “E-aktiv” автоматлаштирилган ахборот тизимида акс эттириш зарур.

Юридик шахслар томонидан кўчмас мулкни ижарага бериш (олиш) ёки текин фойдаланиш шартномалари давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилади. Ушбу жараёнда жисмоний ва юридик шахслар томонидан кўчмас мулкни ижарага бериш ёки текин фойдаланиш шартномаларини давлат солиқ хизмати органларининг электрон тизимларида ҳисобга қўйиш масофадан туриб фақат электрон шаклда амалга оширилишини таъкидлаш жоиз.

Давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилмаган шартномалар асосида ижарага олинган ёки текин фойдаланилаётган кўчмас мулк объектларида сақланаётган товар-моддий захиралар қолдиқлари саноқдан (инвентаризaциядан) ўтказилмайди ва солиқ солиш мақсадларида солиқ тўловчининг омборида мавжуд эмас деб баҳоланади.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизматининг маълумотига кўра, бугунги кунда вилоятда 10941 та қўшилган қиймат солиғи тўловчиси фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш бўйича 2525 та субъектдан мурожаатлар келиб тушган.