Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

40 ёшдан кейин эндокрин касалликлар профилактикаси жуда муҳим

Республика ихтисослаштирилган Эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Севара Фахрутдинова ва марказнинг Самарқанд филиали бош врачи Гулзода Негматовалар Қўшработ, Пайариқ, Оқдарё, Иштихон, Паст Дарғом туманлари тиббиёт ходимлари билан суҳбат ўтказиб, 2022 йил 26 январда қабул қилинган “Эндокринология хизматини янада такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарор моҳиятини аҳоли ва тиббиётчиларга тушунтириб ўтди.

Суҳбат асносида соғлиқни сақлашнинг биринчи бўғинида эндокрин касалликлар профилактикаси, уларни барвақт аниқлаш ва асоратларининг олдини олишда Республика ихтисослаштирилган Эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ишлаб чиқилган алгоритмларни қўллашнинг самарадорлиги ва қулайлиги,  туман тиббиёт бирлашмаларида ташкил этилган “Профилактика мактаблари”да беморлар ва уларнинг оила аъзоларига эндокрин касалликни бошқариш усулларини ҳамда касаллик билан яшашни ўргатиш, қандли диабетга чалинган беморларнинг замонавий назорати (онлайн регистр) тизимини жорий этиш орқали ҳар бир бемор ҳолатининг мониторингини юритиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш ҳамда жисмоний фаолликни оширишни тарғиб қилиш орқали касалликларни профилактика қилишнинг аҳамияти айтиб ўтилди.

Патронаж ҳамшира ва оилавий шифокорлар учун  эндокрин касалликларнинг олдини олиш, эрта ташхислаш ва даволаш бўйича икки ҳафталик, эндокринолог шифокорларни қайта тайёрлаш учун уч ярим ойлик ўқув курслари ташкил этилиши режалаштирилди.

Ҳар йили бир марта 40 ёшдан ошган аҳолини қандли диабет ва диабет олди ҳолатлари учун мақсадли скринингдан ўтказиш учун тиббиёт бригадалари зарур глюкометр ва бир марталик тест япроқчалари ҳамда игналари билан таъминмоқда.

Туманларда тиббиёт ходимлари томонидан билдирилган фикр ва таклифлар асносида амалга ошириладиган режалар белгилаб олинди.