Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

410 килограмм кўсакни чорва моллари учун териб олган “уддабурон” ушланди (видео)

Пахта далаларида ғўза ниҳоллари айни очилиш фазасига кирди. Бу давр пахтакорларимизнинг йил давомидаги меҳнатининг юзага чиқиш палласи ҳисобланади. Лекин айрим "уддабуронлар"нинг даладан шахсий манфаати йўлида ғўза кўсакларини ўғирлаши ҳам учрамоқда. Шундай ҳол Иштихон тумани кузатилди.

Жорий йилнинг 15 сентябрь куни Иштихон тумани ички ишлар бўлими томонидан Янгиравот маҳалла фуқаролар йиғини Ўртақишлоқ қишлоғида 45 та хонадон ўрганилди. Ўрганиш жараёнида тумандаги "Паҳлавон Маҳмуд" фермер хўжалиги бошлиғи Жамшид Абдувалиевга қарашли пахта майдонидан шу маҳаллада яшовчи Р.Ашуров 410 килограмм кўсакни чорва молларига бериш мақсадида териб олиб, яшаш уйининг молхонасига яшириб қўйганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасига асосан маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси расмийлаштирилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

 Суриштирув давомида "Паҳлавон Маҳмуд" фермер хўжалигининг 1,5 гектар пахта майдони пайҳон қилиниб, хўжалик манфаатларига 1 миллион 107 минг сўм моддий зарар етказилганлиги аниқланди.

Янгиравот маҳалласида ИИБ тарғибот гуруҳи ташаббуси билан ташкил этилган муҳокамада Р.Ашуров қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, йиғилганлардан кечирим сўради ва бу ҳолат бошқа такрорланмаслигига ваъда берди.

Олим ҚЎЧҚОРОВ.