Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

7 мингдан ортиқ оиладаги нотинчликлар бартараф этилган

Хотин-қизлар қўмитаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда олиб борилган профилактик тадбирлар доирасида 7 минг 837 тадан ортиқ оиладаги нотинчликлар бартараф этган.

Бу ҳақда 11 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Оиладаги зўравонлик масалалари, турли вазиятлар таҳлили ва бу борада олиб борилаётган чора-тадбирлар” тўғрисидаги брифингда айтиб ўтилди.

2019 йилда оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларнинг 13 минг 44 нафарини иш билан таъминлаш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилган. Ушбу дастур доирасида 6 минг 689 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланди ва дастур 51,3 фоизга бажарилди.

Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган 269 нафар хотин-қизларнинг 168 нафари ишга жойлаштирилди.

Хотин-қизлар ўртасида салбий ҳолатларни бартараф этиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар жорий йилнинг 6 ойи давомида 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 31,5 фоизга (871 тага) камайди.

Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари томонидан 493 маротаба суд жараёнларида иштирок этилди ва 108 нафар хотин-қизлар қўмита вакилларининг кафиллик асосида жазодан озод этилди.