Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Адлия: Қўшработдаги мулоқотда ногирон нафақаси асоссиз тарзда берилмагани аниқланган

Адлия ходимлари томонидан Қўшработ туманида ўтказилган ўрганишлар чоғида туман юридик хизмат кўрсатиш маркази томонидан “Чорлоқ” маҳалласида фуқаролар билан мулоқотлар чоғида С.Сулаймонова II-гуруҳ ногирони бўлган 8 ёшли фарзандини парваришлаётган бўлишига қарамай, нафақа пулини ололмаётганини маълум қилган. Бу ҳақда Самарқанд вилоят адлия бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 февралдаги ПФ-74-сонли фармонида ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500 000 сўм миқдорида нафақат тўланиши белгиланган.

Ушбу мурожаат тўлиқ ўрганилганида Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси Самарқанд педиатрия ТИEК томонидан боланинг ўзгалар парваришига муҳтожлиги тўғрисида хулоса берилмаганлиги учун нафақа тўловини тайинлашда муаммолар юзага келгани аниқланган.

Шундан сўнг С.Сулайманованинг фарзанди тиббий кўрикдан ўтказилиб, 2022 йил 22 июнь куни Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси Самарқанд педиатрия ТИEК хулосаси асосида С.Сулаймонова Қўшработ туман Давлат хизматлари маркази орқали ариза топширган ва унга Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлими томонидан нафақа тўлови тайинланган.

Бундан ташқари, ўрганишлар жараёнида ушбу бола ногиронлиги оқибатида бугунгача мактабда ҳам таълим олмаганлиги маълум бўлган. Мазкур масала ҳам бартараф этилиб, у жорий йил сентябрь ойидан якка тартибда таълим оладиган бўлди.