Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Аҳолига тадбиркорлик бўйича масофадан таълим берилмоқда

- Тадбиркорликка қизиқаман, аммо ҳужжат юритиш, банк операцияларини бажариш, бизнес-режа тузиш бўйича кўникмам йўқ. Ҳозирги шароитда масофадан, онлайн тарзда тадбиркорликка ўқитадиган марказлар борми?

Аслиддин ТУРДИЕВ,

Пайариқ тумани.

- Бор. Бизнинг “Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази» вилоят филиали бугунги пандемия шароитида уюшмаган ёшлар, маҳаллалардаги ишсиз аҳоли учун масофавий бепул тадбиркорлик ўқув курсларини ташкил қилди.

Бунда сиз 22 соатга мўлжалланган “Тадбиркорлик фаолияти асослари” ва “Молиявий саводхонлик асослари” масофавий (онлайн) курсларида иштирок этишингиз мумкин. Машғулотларни соҳанинг малакали мутахассислари олиб боради. Бир ҳафта давом этадиган машғулотларда мустақил равишда бизнес фаолиятини бошлаш, бизнес-режа тузиш, банкда миллий ҳамда хорижий валютада ҳисобварақ очиш, кредит олиш шартлари, тартиби ҳамда тадбиркорларга яратилаётган имтиёзлар бўйича зарур билим ва кўникмаларга эга бўласиз. Қўшимча саволлар бўлса, мутахассислар машғулотлар сўнгида яна маълумот беришади. Ҳафталик курслар якунида тингловчиларга сертификатлар берилади.

Курсларда қатнашиш учун рўйхатдан ўтиш шартлари ҳақида марказимизнинг alternatus.uz ёки director.uz онлайн ўқув курслари портали орқали билишингиз мумкин.

Маълумот ўрнида: карантин даврида ташкил этилган курсларимизда ҳозиргача 151 нафар тадбиркорлик фаолиятига қизиққан тингловчилар қатнашиб, сертификатга эга бўлди.

Нодир БОБОКАЛОНОВ,

Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази вилоят филиали раҳбари.