Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Акаси ва отасини ўлдириб, хонадонига кўмган шахс қамоққа олинди

Ижтимоий тармоқларда Ургут туманида қотиллик жинояти содир этилганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси маълумот берди.

Аниқланишича, 2022 йил 7 июнь куни соат 19:30 ларда Ургут тумани Навбоғ кўчасида яшовчи Ж.М. туман ИИБга мурожаат қилиб, унда отаси Б.М. ва укаси Ш.М. уйида йўқлиги, қўл телефон рақамлари ишламаётганлиги, уларни топишда амалий ёрдам беришни сўраган.

Олиб борилган терговга қадар текширув жараёнида Ш.М. туман ИИБга айбини бўйнига олиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиб, унда 2022 йил 15 май куни соат тахминан 07:00 да отаси Б.М. ва акаси Ш.М. билан жанжаллашиб қолиб, уй-хўжалигида фойдаланган болта ва ошхона пичоғи билан дастлаб акаси Ш.М.ни, сўнгра отаси Б.М.ни танасининг турли соҳаларига бир неча маротаба уриб, уларни қасддан ўлдириб, яшаш уйининг томорқасига кўмганлигини маълум қилган.

Ш.М.нинг тушунтиришига асосан уйнинг томорқа қисми кўздан кечирилганда Б.М. ва Ш.М.нинг жасади қотиллик аломатлари билан топилган. Ҳолат юзасидан суд тиббий экспертизаси тайинланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани прокуратураси томонидан Ш.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланиб, гумонланувчи сифатида жалб қилинган.

Жиноят иши бўйича вилоят прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.