«Аксилинқилобчи»га айланган милиция бошлиғи
1937 йил 8 октябрь куни ЎзССР НКВДси ишчи-деҳқон милицияси бошқармаси алоҳида инспекциясининг катта инспектори Подпригора Тошкент шаҳар 4-милиция бўлими бошлиғи Қаҳҳор Азизовни ҳибсга олиш ҳақида қарор қабул қилади. Аслида республика пойтахти Тошкент шаҳар милицияси раҳбарларидан бирини ҳибсга олиш учун мустақил равишда қарор қабул қилишига унинг ваколати етарли бўлганми-бўлмаганми – бизга қоронғу. Лекин ҳарқалай бу ишни амалга ошириш унга топширилган эди...
Ҳужжатлар шундан далолат берадики, А.Қаҳҳоровни ҳибсга олишга олдинроқ тайёргарлик кўрилган. Чунки Подпригорага берилган ордерни 1937 йил 5 октябрда ЎзССР НКВДсининг ўша пайтдаги раҳбари, давлат хавфсизлиги майори Загвоздин шахсан имзолаган. Шу йилнинг 6 октябрь куни бу ҳужжатга НКВДнинг ишчи-деҳқон милицияси бошлиғи, капитан Романов ҳам қўл қўйган. Яъни, ордер Подпригора қўлига тушгунича барча поғоналардан ўтиб бўлганди.
Унга нима айб қўйилган эди? Ҳибсга олиш учун қабул қилинган қарордан парча: “Мен, ЎзССР НКВДси ишчи-деҳқон милицияси бошқармаси инспектори Подпригора Г.Н. Тошкент шаҳар милицияси 4-бўлими бошлиғи Қаҳҳор Азизовга оид ҳужжатлар билан танишиб, унинг 1900 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган, шаҳар милициясига ишга кириб, хизматни ўташ даврида аксилинқилобий «Миллий Иттиҳод» ташкилоти билан яқин алоқада бўлганига ишонч ҳосил қилдим. У милиция сафида ишлаган пайтида ушбу ташкилот аъзолари Қори Зокир Хўжаев, Акобир Шомансуров ва бошқалар билан мунтазам алоқа қилган. Шунингдек, қўрбоши Ҳамроқулбек ва унинг отряди аъзоларини қўллаб-қувватлаган. 4-милиция бўлими бошлиғи бўлиб ишлаб турган пайтида, ҳибсга олингунга қадар «Миллий Иттиҳод»нинг Тошкентдаги раҳбарларидан Рўзи Юсупов билан алоқани узмаган. У билан аксилинқилобий мавзуларда суҳбатлашиб турган. Азизов ана шу хатти-ҳаракатлари туфайли ЎзССР Жиноят кодексининг 67-моддасида кўзда тутилган жиноятларни содир этган. Шулардан келиб чиқиб қарор қилдим:
Азизов Қаҳҳор ЎзССР ЖКнинг 67-моддасига биноан жиноий жавобгарликка тортилсин. У НКВДнинг давлат хавфсизлиги бошқармаси қамоқхонасида сақлансин. Азизов хонадонида тинтув ўтказилсин”.
Шундан кейин бир йил давомида унга қўйилган «айблар»ни исботлаш, далиллар топиш учун оғир терговлар давом этди. Йўқ жойдан ўйлаб топилган жиноий ишни янада шишириш НКВД ходимларига ҳам осон кечмади.
Таржимаи ҳолининг авра-астарини чиқаришди. Ҳатто Самарқандга бориб, унинг болаликда шўх бўлганлиги, қўшни маҳалла ёшлари билан нималарнингдир устида жанжаллашганлигини ҳам «аниқлаб келишди». Мана унинг устидан тергов давомида тўпланган ҳужжатлардан айримлари. Ҳатто номи ҳам айтилмаган, фақат имзонинг ўрнига «Источник», яъни «манба» деб ёзиб қўйган самарқандлик бир кишининг берган кўрсатмалари. Бу ҳужжат 1937 йил 22 ноябрда тўлдирилган:
«Азизов болалигида маҳалладаги безори ёшларга қўшилиб юрарди. Кейинчалик уни (иш топмай юрган пайтлари) ашаддий аксилинқилобчи, миллатчи, ЧКнинг собиқ ходими Тўрабек Тўрабеков қарамоғига олди. Унинг ёрдамида Азизов милицияга ишга ўтди».
Энди бошқа бир киши бундай кўрсатма беряпти: «Азизов ёшлигида уч-тўрт йил Озарбайжонда бўлди. Ўша ерда ўқиди. Қачонки Рўзи Юсупов Самарқанд инқилобий қўмитасининг раиси бўлгач, унинг ёрдамида милицияда хизмат қила бошлади».
«У қўрбоши Очилбек йигитлари билан яқин алоқада бўлган. Уларга кўмаклашиб турган».
«Самарқанд, Пайариқ милициясида катта милиционер бўлиб ишлаган пайтлари қандайдир жиноят содир этиб, Марғилонгами, Бухорогами қочиб кетган».
Хуллас, ҳеч ким уларнинг нечоғлик ростлигини текширмаган, бир-бирини инкор этувчи бундай чалкаш кўрсатмалар ҳам НКВД ходимлари учун муҳим далил сифатида Қаҳҳор Азизовнинг «жиноий иши» ҳужжатлари орасига тикилаверди. Чунки бу вақти келиб, унинг «ҳомийлари» деб кўрсатилган Тўра Тўрабеков ҳам, Рўзи Юсупов ҳам аксилинқилобчи сифатида ҳибсга олинган эди.
Энди Қаҳҳор Азизовнинг таржимаи ҳолига эътибор берайлик (маълумотлар судда қайд этилган ҳужжатлардан олинди.) Юқорида айтилганидек, у 1900 йилда Самарқандда туғилган. Отаси ҳунарманд бўлган. Деҳқончилик билан шуғулланган. Саккиз ёшидан қандолатчига шогирд тушиб, 1916 йилгача ишлаган. 1916 йил Россияга мардикорлик ишларига сафарбар этилган. У ердан 1917 йилда қайтиб келган. 1921 йилда милиция сафига ишга кирган. Аввалига оддий милиционер, катта милиционер, 1931 йилдан Самарқанд шаҳар милицияси бошлиғининг ёрдамчиси вазифаларида ишлаган. 1932 йил 21 майда Марғилон тумани милицияси бошлиғи этиб тайинланган (юқоридаги кўрсатмалардан бирида жиноят қилиб, Марғилонга қочиб кетди, дейилган). Шу йил октябрь ойи охирларида Москвага, милиция раҳбар ходимларини тайёрлаш курсига ўқишга юборилади. Уни битиргач, ОГПУнинг Бухоро тезкор-қидирув секторининг раҳбарлигига тайинланган. 1937 йил бошида Тошкент шаҳар милицияси 4-бўлими бошлиғи вазифасига ўтказилган.
Ҳибсга олинаётган вақтида унинг қарамоғида 70 ёшли онаси Ҳурмат Азизова, хотини, 1910 йилда туғилган Саври Абдураҳимова ва 13 ёшли ўғли Ваҳоб Азизов бўлган.
Асосийси, НКВД ходимларини унинг милиция сафида хизмат жараёнида амалга оширган ишлари, ўғри, қароқчи ва бошқа жиноий унсурлар билан курашган даврлари эмас, «Миллий Иттиҳод» ташкилотига аъзо бўлган-бўлмаганлиги, аксилинқилобчи сифатида ҳибсга олинган Рўзи Юсупов, Нарзиқул Иброҳимов билан нечоғлик алоқада бўлганлиги, Когон милицияси бошлиғи Остонақул Самадов билан нималар ҳақида суҳбатлашганлиги каби масалалар қизиқтирарди.
Ана шу даврда холаваччаси Абдурашид Ҳамидовнинг аксилинқилобчи сифатида НКВД томонидан қамалиши яна бир зарба бўлди. Кейин эса унга милиция сафида ишлаб туриб, доимо “қулоқ”лар ва бойлар билан яқин муносабатда бўлган, ўтган асрнинг 20-йилларида Қўрбоши Маҳдихўжа, Очилбек, Ҳамроқулбекни қўллаб-қувватлаган, деган айблар ҳам қўйилди. Унинг «аксилинқилобий руҳдаги» одам эканлигини тасдиқловчилар ҳам топилди. Ростгўй ва ҳалол кишилар буни инкор этишди.
Тошкентдаги 4-милиция бўлими тезкор вакили Каримов: «Менинг шахсий кузатув ва суҳбатлардан шуни биламанки, Азизов Когон милицияси бошлиғи Самадов билан дўстона муносабатда эди. 1936 йилда Азизов меҳнат таътили пайтида бир неча кун хотини билан Самадовникида яшаган».
«Шунингдек, у ака-ука Беглар ва Жамшид Каримовлар ошхонасига кирар эди. Улар билан муносабати яхши бўлган. Ҳозир ака-укаларнинг иккаласи ҳам НКВД томонидан қамоққа олинган».
Нарзиқул Иброҳимов, Тошкентдаги 3-милиция мактаби ўқитувчи ва таржимони: “Мен Азизовни 1926 йилдан буён биламан. «Миллий Иттиҳод» ташкилотига аъзо эканлиги ҳақида ҳеч нарса эшитганим йўқ”.
Қози Бақохон Аллахўжаев: «Қаҳҳор Азизовни биламан. Лекин унинг қандайдир ташкилотга аъзолиги ҳақида эшитганим йўқ».
Василий Давидов, Тошкент шаҳар милицияси 2-участкаси бошлиғи: «Азизов жиноят-қидирув бўлими бошлиғи Струков олдида халқ душмани Ф.Хўжаевни мақтаб гапирди...».
Жиноят-қидирув бўлими ходими Афанасий Королёв: «Азизовнинг онаси Ф.Хўжаевнинг онаси билан қадрдон эди. Доимо унинг олдига бориб турган. Бундан ташқари, Азизовнинг отасининг Самарқандда катта магазини бўлган...».
Аҳвол шу даражага етганки, Қаҳҳор Азизовнинг синглиси Муҳаррам Мухторова август ойида унга хат ёзиб, соғлигини сўрайди ва эҳтиётсизлик қилиб, «Ҳозир кўп киши қамаляпти, сиз тинчмисиз?», деган гапни ишлатади. Тинтув пайтида Қ.Азизов уйидан шу хат чиқиб қолади. 1938 йил 4 январда НКВД ходимлари уни ҳам сўроқ қилиб, «Нега акангдан хавотирландинг ёки унинг айбларини билармидинг», дея қийнаб, қисташади...
Хуллас, 1938 йил 7-8 апрель кунлари ЎзССР чегара ва ички қўшинлар ҳарбий трибунали бошқа ишлар қатори Қаҳҳор Азизов жиноий ишини ҳам кўриб чиқади ва айби бирор-бир асосли далил билан исботланмаган бу одамга ЎзССР ЖКнинг 60-, 67-моддаларини қўллаб, ўлим жазосини беради. Лекин унинг СССР Олий Суди ҳарбий коллегиясига ёзган шикояти ушбу орган томонидан ишнинг 1938 йил 28 сентябрда қайта кўрилишига сабаб бўлади. СССР Олий Суди ҳарбий коллегияси Туркистон Ҳарбий округи ҳарбий трибунали қарорини бекор қилиб, Қаҳҳор Азизовга 5 йил қамоқ жазоси белгилайди.
Унинг ушбу муддатни Архангелск вилоятидаги қамоқхоналарда ўтагани маълум. Лекин негадир бу муддат ўн йилга чўзилиб кетган. Қаҳҳор Азизов Самарқандга 1947 йил январь ойида қайтиб келган. Шундан сўнг у яна икки йилдан зиёдроқ умр кечириб, 1949 йилда вафот этади.
Ҳа, бошидан кечирган ноҳақ азоблар, қарийб ўн йил шимолнинг совуқ ҳавосида қийналиб яшаш ўзининг машъум тамғасини босиб кетган эди...
Музаффар МУҚИМОВ,
СамДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори.