Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди

Самарқандда ўтказилаётган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари, Миср Бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳамроҳлигида Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди.

Буюк муҳаддис ҳақига Қуръон тиловат қилинди.

Миср Бош имомига мазкур мажмуа тарихи, айни пайтда бу ерда амалга оширилиши режалаштирилган реконструкция ишлари ҳақида маълумот берилди.

Шундан сўнг юқори марталаби меҳмон давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан танишди. Халқаро марказ музейи ва бу ерда сақланаётган нодир асарларни ҳайрат билан кузатди.

Муассасалар илмий ходим ва тингловчилари билан суҳбат чоғида Шайх Аҳмад Таййиб уларни Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизийдек улуғ аждодларга муносиб олим бўлиб етишишга даъват этди. Бунинг учун яратилган шароит ва имкониятларга юксак баҳо берди.

“Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари халқаро марказ ва ҳадис илми мактаби фахрий меҳмонлар китобига ўз дил сўзларини ёзиб қолдирди.