Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Алимент нима учун тўланади ёхуд болалар келажагини сотиб олиш мумкинми?

Ёшлигимда дўстимнинг ота-онаси ажралгани ҳақида эшитгандим. Унинг бошқа тенгдошларимиз билан чиқишиб кетиши қийин бўларди. Кейинчалик эшитишимизча, унинг ўгай отаси бу "текинтомоқ" учун ўзининг отаси томонидан алимент пуллари берилаётгани сабабли она-болани калтаклаётган экан.

Бугун бунга ўхшаш воқеаларни кўп учратамиз. Ўтган йил декабрь ойида Олий Мажлис қуйи палатаси депутатлари туманимизга ташриф буюрди. Улар айнан ажрим масаласига эътибор қаратди. Депутатларнинг аҳоли билан учрашувларининг бирида қатнашдим. Анча одам тўпланди, учрашув қизғин руҳда, муҳокамаларга бой тарзда ўтди. Учрашув сўнггида бир бола депутатларнинг бирини этагидан тутиб:

- Илтимос, менинг аямни олиб келиб берингизлар, - деди.

Ҳамма ҳайрон. Маҳалла раисидан сўралганда уларнинг ота-онаси ажралгани маълум бўлди. Учрашув тугади, ҳамма тарқалди. Шу куни кечга яқин депутатлар билан ҳокимлик биносида учрашиб қолдик, мен ўша воқеа ҳақида сўрадим. Улар ҳолатни ўрганиб, ота алимент тўлашдан қочиб, болани ўз уйида олиб қолгани ҳақида гапирди.

Таажжубланасан киши. Яқинда МИБ туман бўлимида бир ота ўз қизи учун 15 миллион сўм пул бераётганига гувоҳ бўлдим. Она эса пулларни олгач, фарзандининг тарбиясига эътиборли бўлиш ўрнига “унинг келажаги" учун ишлашга чет элга кетди...

Ота меҳридан мосуво бу фарзандлар она эътиборидан ҳам маҳрум бўлаётгани, бу мавзуга кенгроқ ёндашувни талаб этмайдими? Ёки тўланаётган алимент пуллар эртамиз эгалари бўлмиш фарзандларимизнинг бахтли бўлиши учун етарли бўлса, бу пуллар ота ё она меҳрини бера оладими?

Дилмурод Маҳрамов,

Жомбой тумани.