Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Алкоголь маҳсулотлари сотилиш нархларига чеклов қўйилди

Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 23 декабрдаги “Алкоголли маҳсулотлар учун энг кам улгуржи-сотиш ва чакана нархларни жорий этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, алкоголь маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқариш ва сотишга йўл қўймаслик юзасидан назоратни янада кучайтириш мақсадида 2010 йил 1 январдан бошлаб алкоголь маҳсулотлари (пиводан ташқари) учун энг кам улгуржи-сотиш ва чакана нархлар жорий этилган.

Қарорнинг 2-бандига кўра, алкоголь маҳсулотлари учун энг кам улгуржи-сотиш ва чакана нархлар қайта кўриб чиқилиб, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2021 йил 16 мартдаги 16, 2021-16-сон “Алкоголь маҳсулотлари учун энг кам улгуржи-сотиш ва чакана нархларни қайта кўриб чиқиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ва Адлия вазирлиги томонидан 2021 йил 20 мартда 3288-сон билан рўйхатга олинди.

Ушбу қарор 2021 йил 20 мартдан кучга кирди ва унга мувофиқ алкоголь маҳсулотлари (пиводан ташқари) учун энг кам улгуржи-сотиш ва чакана нархлар 2021 йил 20 мартдан бошлаб қуйидаги миқдорларда белгиланди:

 

Реализация қилинадиган товар номи

Ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг энг кам улгуржи-сотиш нархлари

Энг камчакана

нархлар

Вино, 1 литр тайёр маҳсулот учун сўм ҳисобида

11 200

13 200

Коньяк, 1 литр тайёрмаҳсулотучун сўм ҳисобида

41 200

49 400

Ароқва бошқа алкоголь маҳсулотлари, 1 литр тайёр маҳсулот учун сўм ҳисобида

28 600

34 400

Бунда, ҳар бир сиғимдаги алкоголь маҳсулотларини энг кам улгуржи-сотиш ва чакана нархлари 1 литр тайёр маҳсулот учун белгиланган энг кам улгуржи-сотиш ва чакана нархлардан келиб чиққан ҳолда мутаносиб равишда тўғри белгиланиши лозим.

2021 йил 20 мартдан бошлаб алкоголь маҳсулотлари юқоридаги қарорда белгиланган энг кам нархлардан паст нархларда сотилиши мумкин эмас.

Бунда, 2021 йил 20 март ҳолатига ишлаб чиқарувчи корхоналардаги ҳамда чакана савдо корхоналаридаги алкоголь маҳсулотларининг қолдиқлари ҳам 2021 йил 20 мартдан кучга кирадиган энг кам улгуржи-сотиш ва чакана нархлардан паст бўлмаган нархларда сотилиши лозим.

Алкоголь маҳсулотларининг қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам улгуржи-сотиш ва чакана нархлардан паст нархларда сотилганлиги учун ушбу маҳсулотларни тайёрловчи (ишлаб чиқарувчи) корхоналарга ҳамда чакана савдо корхоналарига нисбатан тегишли жарималар қўлланилади, айбдор шахслар эса қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортилади.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги 239-сон қарорининг 1-иловасига мувофиқ тасдиқланган “Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш ҳамда уларнинг қўлланилишини давлат томонидан назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 49-бандига кўра, алкоголли маҳсулотлар (пиводан ташқари) қонун ҳужжатларида белгиланган минимал улгуржи-сотиш нархларидан паст нархларда сотилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда, алкоголли маҳсулотларни (пиводан ташқари) тайёрловчи корхонага нисбатан қуйидагича жарима қўлланилади:

- алкоголи маҳсулотларни (пиводан ташқари) ишлаб чиқарувчи корхона томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган минимал улгуржи-сотиш нархларидан паст нархларда сотилган қийматнинг 20 фоизи миқдорида, бироқ белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг камида 200 баравари миқдорида;

- жарима қўлланилгандан кейин бир йил мобайнида айнан ўша қоида бузиш такроран аниқланганда – алкоголли маҳсулотларни (пиводан ташқари) ишлаб чиқарган корхона томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган минимал улгуржи-сотиш нархларидан паст нархларда сотилган қийматнинг 50 фоизи миқдорида, бироқ белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг камида 300 баравари миқдорида.

Ушбу жарима суммаларини аниқлашда сотилган алкоголли маҳсулотлар (пиводан ташқари) қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган минимал улгуржи-сотиш нархи бўйича ҳисоблаб чиқилади.

Чакана савдода алкоголь маҳсулотлари қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам чакана нархлардан паст нархларда сотилганлик ҳоллари аниқланганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 16 мартдаги “Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидалари бузилганлиги учун юридик шахсларга алкоголли маҳсулотлар билан савдо қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда, энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима солинади ҳамда айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортилади.

Бобур АШУРОВ,

Самарқанд вилояти ҳокимлиги молия бош бошқармаси бюджет даромадлар базасини мустаҳкамлаш ва бюджетлараро муносабатлар бўлими бошлиғи.