Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Асаджон Ходжаев Туркий Кенгаш доирасидаги ахборот ва медиа соҳасидаги йиғилишда иштирок этмоқда

Бугун Озарбайжон пойтахти Бокуда Туркий Кенгаш доирасидаги ахборот ва медиа соҳасидаги йиғилиш ўз ишини бошлади. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев раҳбарлигидаги делегация ҳам иштирок этмоқда.

Мазкур йиғилишда ахборот ва медиа соҳасида халқаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш, ўзаро тажриба алмашиш, хусусан, Кенгашга аъзо мамлакатлар оммавий ахборот воситалари ходимларининг малакасини ошириш бўйича семинарлар, ўқув-курслари, пресс-турлар ташкил этиш каби масалалар муҳокама этилмоқда.

Ташриф доирасида, бугун Асаджон Ходжаев Озарбайжон Миллий кутубхонаси директори Карим Тоҳиров билан учрашув ўтказди. Учрашувда ахборот-кутубхоначилик соҳасини янада ривожлантириш, замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланишда жаҳон тажрибасини жорий этиш каби муҳим масалаларда фикр алмашилди.

Куннинг яна бир муҳим учрашуви Озарбайжон Республикаси Президентининг ёрдамчиси – Президент Администрацияси Ташқи сиёсат бўлими мудири Хикмат Гаджиев билан ўтказилди. Унда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида ахборот ва медиа соҳасидаги ҳамкорлик муҳим масалалардан бири экани таъкидланди. 

АОКА раҳбари, шунингдек, Озарбайжон телевидение ва радиоэшитиришлари” ЁАЖ раиси Ровшан Мамедов билан ҳам учрашди. Мулоқот давомида теле-радио соҳасидаги замонавий, илғор технологиялардан самарали фойдаланиш, икки мамлакат журналистларининг ўзаро тажриба алмашиши бўйича таклифлар билдирилди.

Бундан ташқари, Асаджон Ходжаев Туркий Кенгаш Бош котиби Багдад Амреев билан ҳам учрашди ва Ўзбекистон ҳамда Кенгашга аъзо мамлакатлар ўртасидаги барча соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Ташкил этилаётган бу каби йиғилишлар ахборот соҳасида янги муваффақиятларга замин бўлиши таъкидланди.