Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Атамбаевни ҳибсга олиш чоғида вафот этган махсус хизмат жангчиси ўлимидан сўнг мукофотланди

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевни ҳибсга олиш чоғида вафот этган махсус хизмат жангчиси Усенбек Ниязбеков кўрсатган жасорати учун ўлимидан сўнг медаль билан тақдирланди. Бу ҳақда Республика президенти матбуот хизмати РИА Новостига хабар берди.

“Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков 28 август куни, Қирғизистон Республикаси Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси ходими полковник Ниязбеков Усенбек Ниязбекович ҳарбий бурчини адо этиш чоғида кўрсатган жасорати учун “Эрдик” медали билан тақдирланганлиги ҳақида  буйруққа имзо қўйди”, - деб хабар берган матбуот хизмати.

Қирғизистон махсус хизмати 7–8 август кунлари Атамбаевни ҳибсга олиш учун унинг пойтахтдан 20 километр узоқликда жойлашган Кой–Таш қишлоғидаги қароргоҳида тадбир ўтказишди. Собиқ раҳбар тарафдорларига нисбатан улар махсус воситалар қўллашди. Атамбаев тарафдорлари жавобан ўт очишди. Биринчи куни собиқ президентни ҳибсга олишнинг имкони бўлмади. Атамбаев тарафдорлари қўлига олти нафар махсус хизмат жангчилари асирга тушди. Эртаси куни собиқ президент таслим бўлганига қарамасдан тарафдорлар ва махсус хизмат жангчилари ўртасидаги тўқнашувлар такрорланди ва эрталабгача давом этди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотларга кўра, махсус тадбир оқибатида, 136 нафар одам жабрланди. Бир нафар махсус хизмат жангчиси – Усенбек Ниязбеков ҳалок бўлди.

Қирғизистоннинг йирик социал – демократлар партияси етакчиси Атамбаев ҳукуматни 2017 йилда ўтказилган президент сайловлари натижасига кўра ўзининг вориси ва яқин тарафдори Жээнбековга топширганди. Бироқ кўп вақт ўтмасдан собиқ президент гуруҳи аъзоларига нисбатан жиноий ишлар қўзғатилди. Атамбаевнинг ўзи собиқ президент ваколатидан маҳрум қилинди ва 12 та оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганликда айбланди. Давлатнинг собиқ раҳбари, унга ва унинг гуруҳига нисбатан қўйилган айбловлар сиёсий характер касб этишини бир неча бор таъкидлади.