Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Авиакасса ходими нега Самарқанд-Москва йўналиши бўйича олинган чиптани йиртиб ташлади?

Ўғли Москвада ўқийди. Бир ҳафтадан сўнг учиши керак. Самолётга чипта олинган. Кундалик юмушларни хаёл қилиб турган пайти қўнғироқ бўлди. Авиакасса ходими зудлик билан чиптани қайтариш кераклигини, муаммо чиққанлигини айтди. Ўғли билан етиб борса қўшимча тўлов қилиши кераклигини, йўқса Москвага учиб кетолмаслигини таъкидлашди.

Табиийки, ўртада келишмовчилик келиб чиқди. Аччиқ устида авиакасса ходими чиптани йиртиб ташлади. Бундай ноқулай вазиятда тезда чора кўрмаса, ўғли ўқишига вақтида етиб боролмаслигини англаган самарқандлик М.Сейдамедов Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Самарқанд шаҳар жамиятига  мурожаат этди.

Унда айтилишича, фуқаро Самарқанд шаҳридаги “Мармар” бозори ҳудудида жойлашган авиакассадан 1 325 000 сўмга  Самарқанд-Москва йўналиши бўйича учувчи самолётга чипта харид қилади. Уч кундан сўнг авиакассага чақиртирилиб,  яна салкам 2 000 000 сўм тўлаши зарурлигини айтишади. У рози бўлмагач, авиакасса ходими чиптани кўз ўнгида йиртиб ташлайди.

Мурожаат ўрганилганда, авиакасса ходимининг ўз ишига совуққонлиги, иш пайтида ўрнини бегона, мутахассис бўлмаган кишига ташлаб кетганлиги, Самарқанд-Москва йўналиши бўйича чипта нархи ҳақиқатан 3 200 000 сўм эканлиги маълум бўлди.

Фуқаронинг ҳуқуқи тиклаб берилди. Авиакасса томонидан ходимининг хатоси туфайли юз берган кўнгизсизлик бартараф этилиб, М.Сейдамедовга мазкур йўналиш бўйича қўшимча тўловларсиз чипта тақдим этилди.

Гулчеҳра Бердиёрова.