Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Автомашина вақтида етказиб берилмади, оқибатда истеъмолчининг автоулов учун тўлаган пули қайтарилди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Самарқанд вилоят ташкилий тузилмасидан маълум қилинишича, тузилмага келаётган мурожаатларнинг аксарият қисмини уй-жой, коммунал, транспорт ва савдо соҳалари ташкил қилади.

Жумладан, мурожаатларда автомашина олиш учун тўлов қилиб, сўнгра ўз вақтида автомобилини ололмаётган юртдошларимиз ҳам бор. Ургут туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.З. (исм-шарифини эълон қилмасликни сўраган)дан тушган мурожаатда у Самарқанд шаҳрида фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектга ойма-ой тўлаш шарти билан автомашина олиш учун пул тўлаганлигини, лекин шартномада кўрсатилган муддатда автомашина берилмаганлигини, шу боис тўланган 30 миллион сўм пул маблағини кайтариб олишда амалий ёрдам беришни сўраган. Тузилма мутахассислари аралашуви билан ушбу ҳолат тўлиқ ўрганилди ва Самарқанд шаҳридаги хўжалик юритувчи субъект томонидан фуқаро М.З. талаб қилган пул маблағи қайтариб берилди.

Маълумот ўрнида: 2020 йил давомида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Самарқанд вилоят ташкилий тузилмасига жами 1130 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 1032 таси истеъмолчилар фойдасига ҳал этилган, 98 таси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддасига кўра, тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш учун ваколатли органларга юборилган.